“Gesamtmasche” журнали: Ўзбекистон тўқимачилик саноати юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқда
Октябрь 29, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 85
БЕРЛИН, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. Германия трикотаж саноати уюшмасининг “Gesamtmasche” журналида “Самарали ишлаб чиқариш, бизнесда глобал фикрлаш” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Ўзбекистон тўқимачилик тармоғидаги таркибий ўзгаришлар, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг кенгайиши ҳамда Германия корхоналари билан ҳамкорлик истиқболлари батафсил ёритилган.
Муаллиф Роман Аугенштайннинг ёзишича, Ўзбекистон пахта етиштирувчи мамлакатдан тайёр тўқимачилик маҳсулотлари етказиб берувчи давлатга айланиш йўлида катта қадам ташламоқда. Хусусан, 2020 йилда 941 миллион АҚШ долларини ташкил этган пахта ип-калаваси экспорти тайёр маҳсулотлар экспортидан сезиларли даражада юқори бўлган бўлса, 2023 йилга келиб ушбу кўрсаткичлар деярли тенглашган. Мақолада 2030 йилгача тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини уч баравар ошириб, 20 миллиард долларга етказиш мақсади ҳам қайд этилган.
Мақолада таъкидланганидек, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтиш инвестициялар билан бир қаторда маҳсулот сифати, янги турдаги буюмларни ишлаб чиқиш ва бошқарувга қўйиладиган талабларни ҳам оширмоқда. Шу жиҳатдан, икки давлат тўқимачилик ҳамда тикувчилик корхоналари ўртасида алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашаётган “GUZ Partners” лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилган.
“GUZ Partners” лойиҳаси эксперти Камола Набиеванинг таъкидлашича, дастур корхоналарнинг амалий эҳтиёжларига йўналтирилган. Германия тўқимачилик тармоғи вакиллари билан танишувлар эса лойиҳа якунланганидан кейин ҳам давом этадиган барқарор ҳамкорликка асос бўлиши кутилмоқда.
Нашр Ўзбекистоннинг иқтисодий ва транспорт-логистика аҳамияти ортиб бораётганини ҳам немис компаниялари учун муҳим омил сифатида баҳолайди.
“Gesamtmasche”нинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган ички бозори ва ишлаб чиқариш занжиридаги янги имкониятлар халқаро шериклар учун истиқболли ҳамкорлик йўналишларини очмоқда. “GUZ Partners” эса немис компанияларига ушбу бозорни яқиндан ўрганиш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда Ўзбекистон, Германия ва учинчи мамлакатлар бозорларида қўшма фаолият имкониятларини аниқлашда кўмаклашишни мақсад қилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси