Logo

Малайзиянинг мустақил энергия ишлаб чиқарувчи компанияси Ўзбекистон бозорига киришга қизиқиш билдиряпти

Апрель 13, 2025. 07:45 • 2 дақ

211
Малайзиянинг мустақил энергия ишлаб чиқарувчи компанияси Ўзбекистон бозорига киришга қизиқиш билдиряпти

КУАЛА-ЛУМПУР, 13 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "Malakoff Corporation Berhad" компанияси бош ижрочи директори Анвар Шахрин Абдул Ажиб билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Президентининг "Республика ҳудудларида микро гидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги қарорини ижроси доирасида ташкил этилган музокаралар чоғида мамлакатимизда энергетика соҳасида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Малайзия томонига мамлакатимизда "яшил" энергия саноати истиқболи, айниқса гидроэнергия бўйича фойдаланилмаётган улкан имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Компаниянинг улкан тажрибаси ва салоҳиятини инобатга олган ҳолда, Малайзия томонига республика ҳудудларида дарё ва каналларда кичик гидроэлектр станцияларини қуриш ҳамда йирик қувватли гидроиншоотларни барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш таклиф этилди.

Анвар Шахрин Абдул Ажибнинг айтишича, компания Малайзиядаги энг йирик мустақил энергия ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Умумий қуввати 8782 МВт бўлган иссиқлик ва 173 МВт қайта тикланувчи электр станцияларига эгалик қилади.

"Ўзбекистонда "яшил" энергия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар менда катта таассурот қолдирди. Мамлакатингиз эришган натижалар ва улкан режалардан илҳомланиб, ўзаро ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш учун жорий йилда Ўзбекистонга боришни режалаштиряпмиз" деди у.

"Malakoff Corporation Berhad" компанияси 1975 йил 9 октябрда ташкил этилган. Унинг асосий фаолияти электр энергияси ишлаб чиқариш, шўр сувни чучуклаштириш, эксплуатация ва техник хизмат кўрсатиш ҳамда чиқиндиларни бошқаришдан иборат. Компания Малайзиядан ташқарида Саудия Арабистони, Ўмон, Бахрайн ва Бангладешдаги корхоналарга эгалик қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш