Ўзбекистон элчиси ва Япониянинг Ибараки префектураси губернатори ўртасида бўлиб ўтган музокаралар чоғида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш режалари келишиб олинди

Январ 27, 2024. 15:12 • 2 дақ

• 525
Ўзбекистон элчиси ва Япониянинг Ибараки префектураси губернатори ўртасида бўлиб ўтган музокаралар чоғида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш режалари келишиб олинди

ТОКИО, 27 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Японинянинг Ибараки префектураси губернатори Казухико Оигава билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашув чоғида икки мамлакат ҳудудларлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Элчи Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, япон бозори учун экспортбоп бўлган маҳсулотлар ва қонуний меҳнат миграцияси имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Япон ишбилармон доира вакилларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганлиги, бунинг исботи сифатида сўнгги икки йилда юртимизда ташкил қилинган япон инвестициялари иштирокидаги компаниялар сони 8 баробар кўпайгани,тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми эса 7 баробарга ошгани таъкидланди.

Ибарака префектураси бозорига юртимиздан юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Шунингдек, мамлакатимизда япон тили ўргатиш ва касбий кўникмалар ҳосил қилишга асосланган мономарказлар ташкил этилгани айтиб ўтилди.

Шунингдек ўқинг

Томонлар ушбу марказлар битирувчиларини Ибараки компаниялари учун қизиқиш уйғотадиган қурилиш, автомобилсозлик, тўқимачилик, қарияларни парваришлаш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, меҳмонхона ва биноларни тозалаш каби тармоқларда бўш иш ўринларига жалб қилиш имкониятлари хусусида фикр алмашдилар.

Бундан ташқари, мулоқот давомида Ибараки префектураси ва Ўзбекистон вилоятларидан бири билан биродарлик алоқаларини ўрнатиш масалаларига эътибор қаратилди. 

Губернатор Казухико Оигава Ўзбекистон томони билан ташқи меҳнат миграцияси, савдо-иқтисодий ҳамда бошқа ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, губернатор префектура компанияларини мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти билан таништириш бўйича қўшма семинарлар ташкил этиш кераклигини таъкидлади.

Учрашув сўнгида муҳокама қилинган масалаларни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида тизимли ишларни ташкил қилишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш