Фарғона “Fitch Ratings”нинг “BB-” рейтингини олиб, Ўзбекистонда икки халқаро рейтингга эга бўлган илк ҳудудга айланди
Май 08, 2026. 17:00 • 3 дақ
• 114
ТОШКЕНТ, 8 май. /“Дунё” АА/. Кеча “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Фарғона вилоятининг хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли кредит рейтинги “BB-” даражасида эканини, ҳолати эса “Барқарор” деб баҳоланганини расман эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Fitch Ratings” халқаро молия бозорларида энг нуфузли ҳисобланган “Катта учлик” (“Big Three”) таркибига кирувчи Америка–Британия рейтинг агентлиги бўлиб, жаҳон рейтинг бозорининг асосий қисмини назорат қилади.
Аввалроқ, 2025 йил ноябрь ойида “S&P Global Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Фарғона вилоятининг кредит рейтингини “B+” даражасидан “BB-” даражасигача оширган эди. Шу тариқа, Фарғона вилояти ҳозирги вақтда Ўзбекистонда икки нуфузли халқаро кредит рейтингига эга бўлган ягона ҳудудга айланди.
Халқаро рейтинг агентликларининг мазкур қарорлари вилоят молиявий барқарорлигининг мустаҳкамланаётганини, жумладан, макроиқтисодий кўрсаткичлар яхшиланиб бораётганини акс эттиради.
Агентлик хулосасига кўра, Фарғона вилоятининг қарз юкини бошқариш кўрсаткичлари барқарор даражада сақланиб қолиши кутилмоқда. Хусусан, 2030 йилга қадар вилоятнинг қарзни қоплаш коэффициенти хавфсиз диапазонда бўлиши прогноз қилинган. Шунингдек, ҳудуднинг фискал қарз юкламаси нисбатан паст даражада қолиши, қарзга хизмат кўрсатиш қобилияти эса етарли даражада сақланиши қайд этилган.
Шу билан бирга, Фарғона вилояти “Fitch Ratings” агентлиги томонидан баҳоланган Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри, Арманистон пойтахти Ереван ҳамда Туркиянинг Коня шаҳри билан бир хил – “BB-/Барқарор” рейтингини олган. Шунингдек, у Туркиянинг Баликесир шаҳри рейтинги (“B+/Барқарор”)дан бир поғона юқори баҳолангани ҳам эътиборга лойиқ.
“Fitch Ratings” Фарғона вилоятининг иқтисодий салоҳиятига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, ҳудуд мамлакатнинг энг йирик ва иқтисодий жиҳатдан фаол минтақаларидан бири эканини таъкидлаган. Бугунги кунда Фарғона вилояти Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 11 фоизини ташкил этади ва қишлоқ хўжалиги, саноат ишлаб чиқариши ҳамда енгил саноат соҳаларида етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда.
Мазкур халқаро кредит рейтинги Фарғона вилоятининг инвестицион жозибадорлигини ошириш, хорижий инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш ҳамда келгусида йирик инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун янги имкониятлар яратади. Шу билан бирга, бу баҳо ҳудудда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, бюджет бошқаруви ва молиявий интизом самарадорлигининг халқаро молия институтлари томонидан эътироф этилганининг ёрқин ифодаси ҳисобланади.
Ташқи макроиқтисодий ўзгаришларга қарамай, вилоят барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолган ҳолда инвестициявий фаолликни кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича изчил ривожланишда давом этмоқда.
Экспертлар фикрича, Фарғона вилоятига берилган “BB-/Барқарор” рейтинги ҳудуднинг ўрта муддатли молиявий барқарорлиги сақланиб қолишини англатади ва вилоятнинг халқаро молия бозорларидаги нуфузини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Фарғона вилоятининг рейтинглар бўйича консультанти – “Finvizier Consultancies” компанияси менежери Екатерина Ковригина таъкидлашича, у 2022 йилдан бери вилоятнинг рейтинг жараёнини кузатиб келаётган мутахассис сифатида сўнгги йилларда Фарғона вилояти молиявий бошқарув сифати, инвестициявий фаоллик ва макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича сезиларли яхшиланишни намоён этганини қайд этди.
“Fitch Ratings” рейтинги берилиши ва “S&P Global Ratings” томонидан рейтингнинг оширилиши вилоятда амалга оширилган таркибий ўзгаришларни акс эттиради ҳамда уларнинг халқаро миқёсда эътироф этилганини кўрсатади”, – деди Екатерина Ковригина.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси