Испаниядан муносабат: Ўзбекистон Президенти Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг янги моделини яратмоқда
Август 02, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 40
МАДРИД, 2 август. /“Дунё” АА/. Испаниядаги Умум-Европа иттифоқи президенти, профессор Карлос Уриарте Санчес “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашувидаги нутқи бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашувидаги нутқи унинг минтақавий ҳамкорликнинг замонавий моделининг асосий меъморларидан бири сифатидаги ўрнини яна бир бор тасдиқлади.
Айнан Ўзбекистон етакчисининг изчил ва узоқни кўзлаган сиёсати туфайли Марказий Осиё сўнгги йилларда ўзаро ишончсизлик муҳитидан очиқ сиёсий мулоқот, ишонч ва амалий шериклик маконига айланди. Бугунги кунда бу йўналиш Озарбайжоннинг қўшилиши ҳамда Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Афғонистоннинг ягона ҳамкорлик майдонини шакллантириш истиқболи билан макроминтақавий даражага кўтарилиб, янада ривожланмоқда.
Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган минтақавий ҳамкорликнинг барқарор архитектурасини яратиш, транспорт ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш, ягона рақамли хизматлар, инвестиция платформалари ва ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш бўйича ташаббуслар алоҳида эътиборга лойиқдир. Бундай яхлит ёндашув минтақа келажагига оид нафақат сиёсий ўзаро англашувга, балки узоқ муддатли иқтисодий интеграцияга асосланган стратегик қарашни намоён этади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг сунъий интеллект, маълумотлар марказлари, энергетика инфратузилмасини ривожлантириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш орқали Марказий Осиёни рақобатбардош таълим, фан ва инновациялар марказига айлантириш борасидаги таклифлари ғоят долзарб аҳамият касб этди. Бу каби ташаббуслар глобал тенденцияларни чуқур англашдан далолат беради ва келажакда минтақанинг технологик етакчилигини таъминлашга қаратилгандир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг иқлим ўзгариши, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратгани ҳам кам аҳамиятли бўлмади. Янги иқлимий таҳдидларга биргаликда мослашишга даъват этувчи чақириқ Ўзбекистоннинг бутун минтақанинг барқарор ривожланиши учун юксак масъулият соҳиби эканидан далолат беради.
Нутқда гуманитар кун тартиби муҳим ўрин эгаллади. Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиё халқлари ўртасидаги кўп асрлик тарихий ришталарни таъкидлар экан, ўзаро ҳурмат, маданий яқинлик ва аҳил қўшничиликка асосланган янги умумминтақавий ўзига хослик шаклланаётганини қайд этди. Бу ёндашув узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик пойдеворини мустаҳкамлайди.
Саммитнинг мантиқий якуни сифатида минтақа давлатларининг ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга интилишини ўзида мужассам этган Чўлпонота декларацияси қабул қилинди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари минтақа мамлакатларини умумий тараққиёт, фаровонлик ва бунёдкорлик мақсадлари атрофида бирлаштирувчи узоқ муддатли стратегик кун тартибини шакллантириш қобилиятини яна бир бор намойиш этди.
Бугунги кунда айнан шундай бунёдкор ва бирлаштирувчи сиёсат Марказий Осиёнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашнинг асосий омилларидан бирига айланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси