Ўзбекистонда яратилган қулай инвестициявий муҳит Пешовардаги бизнес-форумда тақдим қилинди
Июль 30, 2025. 19:01 • 2 дақ
• 42
ПЕШОВАР, 31 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ходимлари амалий сафар билан Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилояти маркази – Пешовар шаҳрида бўлдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар мамлакатимиз иқтисодий дипломатиясини янада фаол илгари суриш, жумладан, савдо-иқтисодий, саноат ва инвестициявий салоҳиятини тақдим этиш ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилиш мақсадида ташкил этилди.
Хайбер-Пахтунхва вилояти Покистон ва Жанубий Осиё минтақасини Марказий Осиё билан боғловчи муҳим логистика йўлакларидан бири бўлиб, ҳудудда қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик ва чорвачилик тармоқлари ривожланган.
Ташриф доирасида Пешовар Савдо-саноат палатаси ва вилоят губернатори маъмурияти билан биргаликда "Минтақавий боғлиқлик: Трансчегаравий савдо" мавзусида бизнес-форум ташкил этилди.
Унда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, тери ва жунни қайта ишлаш, транспорт-логистика соҳаларида фаолият юритаётган маҳаллий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Хайбер-Пахтунхва вилояти губернатори Файсал Карим Кунди ўз нутқида Марказий Осиё ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқаларни юқори баҳолаб, Ўзбекистон билан минтақавий боғлиқлик ташаббуси доирасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Губернатор, шунингдек, Трансафғон темир йўли лойиҳасининг вилоят ҳудудидан, жумладан, Харлачи шаҳри орқали ўтиши стратегик аҳамиятга эгалигини алоҳида қайд этди.
Форум доирасида Ўзбекистон ва Покистон бизнес алоқаларини ривожлантириш борасида очиқ мулоқот ўтказилди. Икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва Ўзбекистонда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, эркин иқтисодий зоналардаги имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Сафар чоғида Пешовардаги етакчи логистика компаниялари, экспорт ва импорт билан шуғулланувчи ташкилотлар вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон орқали Марказий Осиё мамлакатларига юк ташиш имкониятлари, Термиз шаҳридаги "Айритом" халқаро логистика марказидаги шарт-шароитлар, афзалликлар ва у ердаги инвестициявий лойиҳаларнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
Пешовар Савдо-саноат палатаси раҳбари Муҳаммад Юсуф Африди Термиз ва Пешовар шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари доирасида нафақат Термиз шаҳри, балки Сурхондарё вилоятининг барча ҳудудлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирди.
Музокаралар натижасида яқин муддатда Пешоварда икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказиш, Хайбер-Пахтунхва вилояти тадбиркорларининг юртимизга бизнес-миссиясини ташкил этиш, йил якунига қадар Ўзбекистонда Хайбер-Пахтунхва вилоятида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасини очиш бўйича келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
2025 йил охирида Ўзбекистон иқтисодиёти 7,5 фоизга ўсиши прогноз қилинди
Сурхондарёда Россия компаниясининг шоуруми очилди
Тошкентда Ўзбекистон–Ўмон аёл тадбиркорлари II бизнес-форуми бўлиб ўтди