Тошкентда Ўзбекистон–Ўмон аёл тадбиркорлари II бизнес-форуми бўлиб ўтди
Октябрь 23, 2025. 09:50 • 2 дақ
• 79
ТОШКЕНТ, 22 октябрь. /"Дунё" АА/. Пойтахтимизда Ўзбекистон – Ўмон аёл тадбиркорлари II бизнес-форуми ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Форум ўмонлик тадбиркор аёлларнинг 19-22 октябрь кунлари юртимизга амалга оширилган ташрифи доирасида уюштирилди.
Анжуманда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Шаҳло Ибрагимова, Ўмон Савдо-саноат палатаси директорлар кенгаши аъзоси, "Funun Hospitality and Project Management LLC" компанияси бошқарув кенгаши раиси Сиҳам бинт Аҳмад Ал-Ҳарсия ҳамда икки ўлканинг 100 дан ортиқ фаол тадбиркор аёллари иштирок этди.
Иқтисодий тадбир доирасида икки мамлакат иқтисодиётининг устувор йўналишлари – савдо, инвестиция, хизматлар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги имкониятлар муҳокама қилиниб, аёллар бизнесини қўллаб-қувватлаш, инновацион ғояларни амалга ошириш ва янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
B2B ва G2B форматларидаги учрашувлар иштирокчиларга қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш, аниқ йўналишларда шерик топиш ва амалий шартномалар имзолаш имконини яратди. Бундай мулоқотлар икки мамлакат аёл тадбиркорлари ўртасидаги ишонч ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ташриф давомида ўмонлик меҳмонлар "Miss Lighting" МЧЖ корхонаси ҳамда "Nova School" хусусий таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, делегатлар Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Марказий банки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Миграция агентлиги каби бир қатор вазирлик ва идоралар раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур форум нафақат аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, балки Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги дўстона, стратегик ва барқарор муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим платформа вазифасини ўтади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
2025 йил охирида Ўзбекистон иқтисодиёти 7,5 фоизга ўсиши прогноз қилинди
Сурхондарёда Россия компаниясининг шоуруми очилди