Энрико Пинали: Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун барқарор ва ишончли бизнес муҳитини яратмоқда
Июнь 17, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 92
ТОШКЕНТ, 17 июнь. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган V Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этаётган Осиё тараққиёт банкининг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича департаменти хусусий секторни ривожлантириш бўйича минтақавий раҳбари Энрико Пинали “Дунё” АА мухбирига эксклюзив интервью берди.
– Бу бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб, унинг илк анжумандан буён изчил ривожланиб бораётганини кузатиш шарафига муяссар бўлганимдан мамнунман. Мен биринчи форумда ҳам қатнашган эдим ва бугун мамлакат тараққиёти иқтисодий кўрсаткичларда, амбицияли мақсадларда ҳамда халқаро инвесторлар сонининг ортиб бораётганида ўз аксини топаётганини кўриб турибман.
Ўзбекистон Президентининг нутқи мамлакатнинг ривожланиш траекториясини яққол белгилаб берди: ислоҳотларнинг бошланғич босқичидан тортиб бугунги даражагача ва яқин тўрт-беш йил ичида эришилиши режалаштирилган мақсадларгача. Бу нафақат мамлакат аҳолисида, балки халқаро инвестиция ҳамжамиятида ҳам катта таассурот қолдирди ва муҳим сигнал бўлди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам улкан инвестициявий имкониятлар мавжуд. Бозорга аввалроқ кириб келган инвесторлар аллақачон муайян афзалликларга эга бўлган бўлса-да, ҳозирги ривожланиш суръати, айниқса, ҳали тўлиқ қамраб олинмаган соҳаларда янги инвесторлар иштирокини кенгайтиришни талаб этмоқда. Улар орасида қайта тикланувчи энергетика, ишлаб чиқариш тармоқлари ва қишлоқ хўжалигини алоҳида таъкидлаш мумкин. Бу йўналишларда келгуси сармоялар учун юқори салоҳият сақланиб қолмоқда.
Беш йил аввал, яъни биринчи инвестиция форуми ўтказилган пайтда халқаро инвесторларнинг Ўзбекистон ҳақидаги хабардорлик даражаси анча паст эди. Ўтган давр мобайнида мамлакат ислоҳотларни амалга ошириш ва ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришда собитқадамликни намоён этди. Хусусий секторни жалб қилиш нафақат бозорни очишни, балки бизнеснинг барқарор ривожланиши учун қулай шароит яратишни ҳам тақозо этади.
Сўнгги беш йиллик тажриба Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун амалий ва барқарор бизнес муҳити шаклланаётганини яққол кўрсатмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси