Ўзбекистон Бош вазири Ироқ Савдо вазирини қабул қилди

Июнь 17, 2026. 21:14 • 3 дақ

70
Ўзбекистон Бош вазири Ироқ Савдо вазирини қабул қилди

ТОШКЕНТ, 17 июнь /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош вазири Ироқ савдо вазирини қабул қилиб, кенг қамровли иқтисодий шериклик ва савдо ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Ироқ савдо вазири Мустафо Низор ал-Аний ўртасидаги учрашув V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бўлиб ўтди.

Учрашувда Ироқ томонидан Ташқи иқтисодий алоқалар бошқармаси бош директори, Фуқаро авиацияси бошқармаси вакили, Иқтисодий кенгаш раиси, шунингдек, қатор ироқлик тадбиркорлар ва инвесторлар иштирок этди.

Суҳбат давомида Абдулла Арипов Ироқ Бош вазири Али Фалиҳ аз-Зайдийга янги ҳукумат тузилгани муносабати билан табрик ва эзгу тилакларини йўллади. Бош вазир Ироқ ҳукуматининг иқтисодий ва тараққиёт дастурларини муваффақиятли амалга ошириши ҳамда дўст давлатлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашини тилади.

Бош вазир Ўзбекистон ҳукумати Ироқ билан иқтисодий ва савдо муносабатларини янада ривожлантириш ва уларни янги босқичга олиб чиқишдан манфаатдор эканини таъкидлади. У икки мамлакат ўртасида Қўшма савдо қўмитасини шакллантириш ишларини якунлаш ва унинг биринчи йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказиш муҳимлигини қайд этиб, Ироқни Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ минтақасидаги муҳим иқтисодий шериги сифатида баҳолади.

Абдулла Арипов Ўзбекистон хусусий сектори иштирокида саноат ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдириб, электротехника саноати йўналишида Ироқ ҳудудида электр маҳсулотлари ва жиҳозлари ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш имкониятларини ўрганиш муҳимлигини таъкидлади. Бу тажриба алмашиш, янги иш ўринлари яратиш ва саноат тараққиётини рағбатлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Ўз навбатида, савдо вазири Мустафо Низор ал-Аний Ироқ ҳукумати иқтисодий шерикликларни диверсификация қилиш ва биродар мамлакатлар билан савдо-инвестиция ҳамкорлигини кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, Ироқ турли ишлаб чиқариш ва саноат соҳаларида сармоя киритиш учун истиқболли муҳитни таклиф этмоқда.

Вазир икки мамлакат ўртасидаги логистика алоқаларини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб, Ироқ ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш таклифини илгари сурди. Унинг фикрича, мазкур ташаббус тадбиркорлар, инвесторлар ва сайёҳлар ҳаракатини енгиллаштириш, савдо айланмасини ошириш ҳамда иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Мазкур таклиф Ўзбекистон томонида қизиқиш билан қабул қилинди.

Учрашув давомида икки давлат хусусий секторлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, тадбиркорларни қўшма лойиҳалар ва шерикликларни йўлга қўйишга рағбатлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ироқ савдо вазири Ўзбекистон томонини навбатдаги Бағдод халқаро кўргазмасида фаол иштирок этишга расман таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур кўргазма ўзбек компаниялари учун маҳсулот ва хизматларини намойиш этиш, Ироқнинг давлат ва хусусий сектор вакиллари билан ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш учун муҳим майдон ҳисобланади.

Учрашув якунида Ўзбекистон Бош вазири тегишли идораларга ироқлик инвесторлар, тадбиркорлар ва сайёҳлар учун виза расмийлаштириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Қайд этилганидек, бу чоралар савдо, инвестиция ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш