Хульета Сьерра: Самарқандда йиғилиб, тажриба алмашиш ва сиёсий масалаларга биргаликда ечим излаш имконига эга бўлдик

Сентябрь 06, 2026. 17:00 • 2 дақ

102
Хульета Сьерра: Самарқандда йиғилиб, тажриба алмашиш ва сиёсий масалаларга биргаликда ечим излаш имконига эга бўлдик

САМАРҚАНД, 6 сентябрь. /“Дунё” АА/. Уругвай парламенти депутати, Парламентлараро Иттифоқ Ёш парламентарийлар бюроси аъзоси Хульета Сьерра “Дунё” АА мухбирига эксклюзив интервью бериб, Самарқандда бўлиб ўтаётган Ёш парламент аъзоларининг XII Глобал конференцияси ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Бугунги мураккаб даврда биз, ёш парламент аъзолари, бир жойга йиғилишимиз жуда муҳим. Чунки ҳозир дунёда мураккаб вазиятлар тобора кўпаймоқда. Тўғридан-тўғри можаролар кузатилмаётган мамлакатларда ҳам ёшлар глобал инқироз оқибатларига дучор бўлаяпти.

Ёшлар иш топиш ва иқтисодий мустақилликка эришишда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Уй-жой масаласи долзарблигича қолмоқда. Инсон руҳиятига босим ортиб бораяпти.

Биз бу масалаларни муҳокама қилганимизда, кўп ҳолларда улар фақат бир давлат доирасидаги муаммо эмаслигини ҳис қиламиз. Ушбу муаммолар бутун дунё ёшларига бирдек таъсир кўрсатмоқда.

Самарқандда йиғилиб, тажриба алмашиш ва сиёсий масалаларга биргаликда ечим излаш имконига эга бўлдик. Биз турли мамлакатларга хос муаммолар билан бирга, кўп давлатларда учрайдиган умумий масалаларни ҳам муҳокама қилдик. Бундай мулоқот бир-биримизни яхшироқ тушуниш ва давлат сиёсати учун янада самарали ёндашувларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Шунингдек ўқинг

Бу жараёнда ёшларнинг энг ҳимояга муҳтож қатламига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Кам таъминланган оилалардан чиққан ёшларда жамиятнинг бошқа аъзоларига нисбатан имкониятлар камроқ бўлади.

Агар биз ҳақиқатан ҳам адолатли дунё қуришни истасак, ёшларга таълим олиш, муносиб иш топиш, иқтисодий имкониятлардан фойдаланиш ҳамда жамият ва сиёсий ҳаётда тўлиқ иштирок этиш учун тенг шароит яратишимиз керак.

Энг муҳими, бизнинг муҳокамаларимиз конференция доирасида қолиб кетмаслиги керак. Биз ўз мамлакатларимизга аниқ ғоя ва таклифлар билан қайтишимиз, кейин эса уларни амалга ошириш учун масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз зарур.

Бундай учрашувларнинг амалий аҳамияти ҳам шунда. Яъни, мавжуд муаммоларни шунчаки муҳокама қилиш эмас, балки ўз юртимизга қайтганимиздан сўнг аниқ чораларни амалга оширишимиз керак.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш