Дерья Сойсал: Ўзбек тилини ўрганиш Ўзбекистонни янада чуқурроқ англаш имконини беради
Октябрь 20, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 62
БРЮССЕЛЬ, 20 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбек тили байрами муносабати билан Бельгиянинг “EU Reflect” нашри муҳаррири, Марказий Осиё бўйича эксперт Дерья Сойсал халқимизга табрик йўллаб, ўзбек тилининг аҳамияти, ўзига хос хусусиятлари ва нуфузи ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Ассалому алайкум! Барча ўзбек халқини 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан чин қалбимдан табриклайман.
Ўзбек тили – бой тарих, бебаҳо маданий мерос ва чуқур маънавий илдизларга эга бўлган қадимий ва нуфузли тиллардан биридир.
Бу тил буюк Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, жадид маърифатпарварлари ва Абдулҳамид Чўлпон каби улуғ сиймоларнинг тилидир.
Ўзбек тилининг тарихий илдизлари жуда чуқур. Унинг шаклланишида муҳим ўрин тутган туркий ёзма тил анъаналари Қорахонийлар ва Темурийлар даврида давлат бошқаруви, адабиёт ва дипломатик муносабатларда кенг қўлланилган.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий ўзининг бебаҳо асарлари орқали туркий тилнинг бойлиги ва беқиёс имкониятларини намоён этган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса жаҳон адабиётининг нодир дурдоналаридан бири бўлган “Бобурнома” асарини айнан шу тилда яратган.
Бугунги кунда ўзбек тилига бўлган қизиқиш Ўзбекистондан ташқарида ҳам тобора ортиб бормоқда. Жумладан, дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлган Оксфорд университетида ҳам ўзбек тили ўрганилади ва ўқитилади.
Бельгиялик мутахассис сифатида ўзбек тилини катта қизиқиш ва иштиёқ билан ўрганмоқдаман. Бу тилни ўрганиш мен учун нафақат янги тилни эгаллаш, балки Ўзбекистоннинг бой тарихи, бетакрор маданияти ва халқининг қадриятларини янада чуқур англаш имкониятидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси