Эдгарс Ринкевичс: Ўзбекистон Латвиянинг Марказий Осиёдаги ишончли ҳамкори
Сентябрь 23, 2026. 08:10 • 8 дақ
• 159
РИГА, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Латвия Президенти Эдгарс Ринкевичс мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Дунё” ААга интервью бериб, Ўзбекистон Президенти ва халқига ўзининг самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади.
– Жорий йил Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 35 йиллигини нишонламоқда. Ўтган уч ярим декада давомида мамлакат улкан тараққиёт ва туб ўзгаришларни бошдан кечирди. Фикрингизча, мустақил Ўзбекистоннинг энг муҳим ютуқлари нималардан иборат ва мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида унинг қайси жиҳатлари алоҳида ажралиб туради?
– Аввало, Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этаман. Ушбу сана Ўзбекистон босиб ўтган эътиборга молик йўл ва эришган ютуқларни сарҳисоб қилиш имконини берувчи муҳим тарихий босқичдир.
Жорий йилда давлат мустақиллиги тикланганининг 35 йиллигини нишонлаётган Латвия ҳам суверенитет ва ўз келажагини мустақил, эркин белгилаш қадрини жуда яхши англайди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Латвия учун ишончли ва истиқболга йўналтирилган ҳамкор сифатида ўзини намоён этди. Латвия Ўзбекистоннинг иқтисодиётни модернизациялаш, минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлайди. Биз очиқлик, мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни юксак қадрлаймиз.
Ўзбекистон ўзининг бой тарихий-маданий меросини модернизация қилишни иқтисодий ислоҳотлар ва инновацияларга бўлган қатъий интилиш билан уйғунлаштириб, Марказий Осиёнинг энг жадал ривожланаётган мамлакатларидан бирига айланди.
Латвия учун Ўзбекистон Марказий Осиёдаги ишончли ҳамкор ҳисобланади. Унинг стратегик жойлашуви ва юксалиб бораётган иқтисодий таъсири ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Европа Иттифоқи (ЕИ)нинг ягона бозорида фаолият юритиш ва унинг талабларига жавоб беришга интилаётган ўзбек компаниялари учун Латвия муҳим ҳамкор бўла олади. Ўз навбатида, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги асосий ҳамкор ва бутун минтақа бўйлаб бизнес алоқаларини кенгайтириш учун муҳим платформа ҳисобланади.
– Ўзбекистон ва Латвия конструктив ва изчил ривожланаётган ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Қўшма лойиҳалар ёки ҳамкорликнинг қайси йўналишларини муваффақиятли деб ҳисоблайсиз ва ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш учун яна қандай имкониятлар мавжуд?
– Ўзбекистон ва Латвия ўртасида ўзаро ишонч, прагматик мулоқот ҳамда савдо ва инвестицияларни кенгайтиришга бўлган умумий манфаатларга асосланган конструктив ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шу билан бирга, ҳали тўлиқ ишга солинмаган салмоқли имкониятлар мавжуд.
Биз учун асосий устувор йўналишлардан бири Ўзбекистонда Латвия компаниялари учун имкониятларни кенгайтиришдир. Айниқса, рақамли хизматлар, молиявий технологиялар, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги технологиялари соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар бор.
Биз истиқболли шериклик ҳар икки мамлакатда юқори қўшилган қиймат яратиб, малакали иш ўринлари ва узоқ муддатли бизнес имкониятларини таъминлайди, деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистон Латвиянинг Марказий Осиёдаги йирик савдо ҳамкорларидан бири саналади. Транспорт ва логистика шерикликнинг муҳим йўналишларидан биридир. Ўзбекистон билан хавфсиз ва тижорат нуқтаи назаридан самарали транспорт алоқаларини, жумладан, ҳаво орқали юк ташиш ва юқори қўшилган қийматга эга логистика хизматларини ривожлантириш жуда муҳим.
Бизнинг устувор вазифамиз таъминот занжирларини диверсификация қилиш, ҳар икки мамлакат экспортчиларига кўмаклашиш ҳамда Европа Иттифоқи божхона талабларига риоя этилишини таъминлашдан иборат.
Латвия ўзининг логистика соҳасидаги тажрибаси ва Европа бозори талабларини яхши билиши орқали ўзбек бизнеси учун ЕИнинг ягона бозорига ишончли ва иқтисодий жиҳатдан самарали кириш имкониятини таклиф қилиши мумкин.
Тошкент ва Рига ўртасидаги ҳаво қатнови ҳамкорлигимизнинг тобора муҳим қисмига айланиб бормоқда. У савдо ва туризмни қўллаб-қувватлашдан ташқари юк ташиш, авиация хизматлари, ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ва минтақавий логистика соҳаларида янги имкониятлар яратиб, Латвия ва Ўзбекистон бизнеси учун янги ҳамкорлик истиқболларини очиб бермоқда.
– Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобланади. Сизнингча, ушбу ёндашув бугунги глобал муаммоларга қай даражада жавоб беради ва давлатлар ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлашга қандай ҳисса қўшади?
– Латвия Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Минтақа мамлакатлари ўртасидаги мулоқот, ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорликнинг кенгайиши барқарорликни таъминлаш, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро шериклик учун янада қулай муҳит яратишга хизмат қилаётганини кўриб турибмиз.
Латвия учун барқарор хавфсизлик ва ҳамкорлик БМТ Устави, давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ҳурмат, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланиши лозим.
Барқарор ва ўзаро боғланган Марказий Осиё Латвия учун нафақат геосиёсий нуқтаи назардан, балки савдо, транспорт ва иқтисодий ҳамкорлик жиҳатидан ҳам муҳимдир. Минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик қанчалик яқин бўлса, Осиё ва Европа ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, савдони енгиллаштириш, ишбилармонлик ва халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш имкониятлари шунчалик кенгаяди.
Биз Ўзбекистонни ушбу ижобий минтақавий кун тартибининг муҳим ва фаол тарғиботчиси сифатида биламиз. Яхши қўшничилик муносабатлари ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш орқали Ўзбекистон минтақанинг тўлиқ салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда унинг Осиё ва Европа ўртасидаги кўприк сифатидаги ролини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Бу нафақат Марказий Осиё, балки унинг Латвия ва ЕИ сингари ҳамкорлари учун ҳам манфаатлидир.
– Ўзбекистон барқарор ривожланиш, иқтисодиётни модернизация қилиш, инвестицияларни жалб этиш, рақамли трансформация, инновациялар, таълим, илм-фан ва инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Келгуси йилларда ушбу соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун қандай имкониятларни кўрмоқдасиз?
– Сиз айтган устувор йўналишлар Латвиянинг тараққиёт кун тартиби билан ҳам узвий боғлиқ. Бу ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратади.
Латвия рақамли давлат бошқаруви, электрон хизматлар, киберхавфсизлик ҳамда инновацион ва рақобатбардош иқтисодиётни ривожлантириш соҳаларида катта тажриба тўплаган. Биз ушбу тажриба ва билимимизни баҳам кўришга тайёрмиз.
Шу билан бирга, барқарор ривожланиш, “яшил” технологиялар, ўрмон ва қишлоқ хўжалиги, ресурсларни самарали бошқариш соҳаларида ҳам салмоқли имкониятларни кўрмоқдамиз. Латвия икки томонлама кўмак дастурлари ва ЕИ томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга ошириш орқали Ўзбекистон билан тараққиёт соҳасидаги Европа ҳамкорлигида фаол иштирок этмоқда. Бу Латвия институтлари ва экспертлар салоҳиятига билдирилаётган ишончдан далолат беради.
Биз бундай тажрибаларни рақамлаштириш, самарали давлат бошқаруви, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш соҳаларидаги амалий ҳамкорликка йўналтирмоқдамиз.
Фикримча, энг самарали ёндашув мавжуд ҳамкорликка таяниб, аниқ мақсадлар, масъул ҳамкорлар ва амалий натижаларга эга бўлган чекланган сондаги қўшма устувор йўналишларни белгилаб олишдан иборат. Ушбу йўналишлар икки мамлакат муассасалари ва ишбилармон доиралар ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни қўллаб-қувватлаши лозим.
Латвия ўзининг Европа тажрибаси, технологик салоҳияти ва ЕИ бозори талабларини чуқур билишига таянган ҳолда, Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ўсиш, инновациялар ва узоқ муддатли фаровонликни таъминлашга кўмаклашиш учун зарур имкониятларга эга.
– Ўзбекистон сўнгги ўн йилликда амалга оширилган ислоҳотлар доирасида қатор халқаро ва минтақавий ташаббусларни илгари сурди. Сизнингча, ушбу ташаббусларнинг қайси бири Марказий Осиё ва халқаро ҳамжамият учун муҳим аҳамиятга эга?
– Ўзбекистоннинг минтақавий мулоқот ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари умумий муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўйлашимча, ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, инсон капиталига сармоя киритиш ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган ташаббуслар узоқ муддатли аҳамиятга эгадир. Ўзбекистоннинг транспорт алоқаларини яхшилаш, логистика йўлакларини модернизация қилиш ва минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари нафақат Марказий Осиё, балки Европа ва Осиёдаги ҳамкорлар учун ҳам янги имкониятлар яратмоқда.
Ўзбекистоннинг экологик муаммоларни ҳал этиш ва иқлим ўзгаришининг таъсирига мослашиш борасидаги қатъий интилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатда ўрмонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, жумладан, деградацияга учраган ерларни тиклаш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар алоҳида эътиборга лойиқ.
Ҳудудининг ярмидан кўпроғини ўрмонлар эгаллаган Латвия яшил ҳудудлари барқарор бошқариш, ўрмонзорлаштириш ва биологик хилма-хилликни асраш соҳаларида катта тажрибага эга. Биз Ўзбекистон билан ўз билим ва тажрибамизни баҳам кўриш ҳамда амалий ёрдам беришга тайёрмиз.
– Ўзбекистоннинг кейинги 10–15 йилдаги келажагини қандай тасаввур қиласиз? Сизнингча, мамлакатнинг халқаро нуфузини янада ошириш, барқарор ривожланишини таъминлаш ва фаровонлигини изчил юксалтиришда қайси омиллар муҳим ўрин тутади?
– Менимча, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги савдо ва инновацияларнинг тобора муҳим марказига айланиш учун барча имкониятларга эга. Мамлакатнинг стратегик жойлашуви, ислоҳотлар кун тартиби ҳамда минтақавий ҳамкорлик ва интеграциядаги ортиб бораётган роли келгуси муваффақиятлар учун мустаҳкам асос яратади.
Ўз тажрибамиздан келиб чиқиб айтишим мумкинки, энг муҳими – ўзаро боғлиқлик, инсон капитали, инновациялар ва барқарор ривожланишга сармоя киритишни давом эттиришдир. Ҳуқуқ устуворлиги, шаффоф давлат бошқаруви ҳамда бизнес учун барқарор ва олдиндан прогноз қилиш мумкин бўлган муҳитни мустаҳкамлайдиган ислоҳотларни изчил давом эттириш Ўзбекистоннинг улкан салоҳиятини узоқ муддатли фаровонликка айлантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
– Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига тилакларингиз. Келгусида мамлакатнинг янада ривожланишида нималарни кутаяпсиз?
– Латвия халқи ва шахсан ўз номимдан Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари ҳамда бутун Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва янги муваффақиятлар тилайман.
Латвия мамлакатларимиз ўртасидаги шерикликни янада кенгайтириш ҳамда ишбилармон доиралар, фуқаролар ва келажак авлодларимиз учун янги имкониятлар яратиш йўлида биргаликда ишлашни интиқлик билан кутмоқда.
Дўстлигимиз янада мустаҳкам бўлсин. Ўзбекистон халқи узоқ йиллар давомида фаровонлик, тинчлик ва изчил тараққиётдан баҳраманд бўлсин.
Ушбу қутлуғ шодиёна билан яна бир бор Ўзбекистон халқига самимий табрикларимни йўллайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси