Германияда халқаро транспорт технологиялари кўргазмасида илк бор Ўзбекистон ҳам қатнашди
Сентябрь 28, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 132БЕРЛИН, 28 сентябрь. /“Дунё” АА/. Берлинда ўтказилган “InnoTrans-2026” халқаро транспорт технологиялари кўргазмасида Ўзбекистон илк бор мустақил экспонент сифатида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кўргазмада “Ўзбекистон темир йўллари” ва “Mikroelektronika Plyus” компаниялари ўзининг алоҳида стендларини тақдим этди. Иштирок этишдан асосий мақсад Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган юк вагонларини халқаро бозорларга олиб чиқиш, логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва йирик темир йўл техникаси ишлаб чиқарувчилари билан алоқалар ўрнатишдан иборат бўлди.
Ўзбекистон вакиллари Европа комиссияси ва “Europe’s Rail Joint Undertaking” дастури иштирокида ташкил этилган “Global Gateway” халқаро муҳокамасида ҳам қатнашди. Унда транспорт йўлакларини ривожлантириш, темир йўл тизимларининг ўзаро боғлиқлигини ошириш, халқаро стандартлар ва инфратузилма лойиҳаларига инвестицияларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон делегацияси хорижий темир йўл компаниялари ва ташкилотлари билан музокаралар ўтказди. Хусусан, Туркиянинг “TCDD Taşımacılık” компанияси билан Туркия–Озарбайжон–Грузия–Ўзбекистон йўналиши бўйича юк ташиш ҳажмини кенгайтириш, Польша “PKP” компанияси вакиллари билан келгусидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматулла Рахметовнинг сўзларига кўра, “InnoTrans-2026” кўргазмасида иштирок этиш миллий темир йўл тармоғи учун муҳим воқеа бўлди. Унинг таъкидлашича, компания халқаро бозордаги иштирокини кенгайтиришга ҳамда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон ва Транскаспий йўналиши каби транспорт йўлаклари доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга интилмоқда.
Кўргазмада “Mikroelektronika Plyus” компанияси темир йўл транспорти учун электрон ускуналар, автоматлаштириш, бошқарув ва сигнализация, дастурий таъминот ҳамда мавжуд тизимларни модернизация қилиш соҳасидаги ишланмаларини намойиш этиб, алоҳида экспозицияни тақдим этди.
Ўзбекистоннинг “InnoTrans-2026” кўргазмасидаги иштироки хорижий ҳамкорларга миллий темир йўл саноати имкониятларини намойиш этиш ҳамда юк ташиш ҳажмини ошириш, ҳаракат таркибини модернизация қилиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш имконини берди.
Шунингдек, Германиянинг “HauptstadtEcho” нашри Ўзбекистоннинг кўргазмадаги иштирокини алоҳида эътироф этиб, мамлакатнинг ишлаб чиқариш, технологик ва муҳандислик салоҳиятини таъкидлаб ўтди.
Мақолада Тошкент–Хива–Тошкент йўналишида қатновчи “Жалолиддин Мангуберди” тезюрар поездига алоҳида эътибор қаратилиб, у хорижий мутахассисларда катта қизиқиш уйғотгани қайд этилган.
Нашрнинг ёзишича, ушбу лойиҳа пойтахт ва Хива ўртасидаги транспорт алоқасини яхшилаш ва туризмни ривожлантиришга хизмат қилади. “InnoTrans-2026” кўргазмасига 175 мингга яқин мутахассис ташриф буюргани ва 2027 йил сентябрь ойида Сингапурда илк бор “InnoTrans Asia” кўргазмаси ўтказилиши маълум қилинган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





