Ташқи ишлар вазирлиги медиа кун тартибини дипломатик кун тартибидан ажратиш зарурлигини таъкидлади
Февраль 01, 2025. 16:05 • 4 дақ
• 2621
ТОШКЕНТ, 1 февраль. / "Дунё" АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ахрор Бурханов медиа макондаги бир қатор долзарб мавзуларга изоҳ берди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

1. Савол: Ижтимоий тармоқларда Россия фуқароси деб тахмин қилинган шахснинг ўзбекларга нисбатан шовинистик ва очиқ ҳақоратомуз баёнотлари акс этган видео тарқалди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу видеога жавобан қандай чоралар кўрди?
Жавоб: Жавоб беришни бошлашдан олдин медиа кун тартибини дипломатик кун тартибдан ажратиш зарурлигини таъкидламоқчиман. Вақти-вақти билан ОАВларининг кун тартибида баъзи воқеалар ёки баёнотлар туфайли шовқинлар пайдо бўлади. Лекин улар воқеликни тўғри акс эттира олмаслиги, баъзан эса уни жуда бузиб кўрсатиши мумкин.
Шу муносабат билан ОАВ ва блоглар олами вакилларини тасдиқланмаган материалларни тарқатмасликга чақирамиз. Биз ҳамкорликка доим очиқмиз.
Видеонинг ўзига келсак, албатта, қайси миллатга мансуб бўлишидан қатъий назар, халқимизга қарата айтилаётган бундай гапларни мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини қаерда бўлишидан қатъий назар доимо ҳимоя қилган ва ҳимоя қилади.
Биз ахборот майдонини мунтазам равишда кузатиб борамиз. Ушбу видео интернетда топилиши биланоқ, Россия томонига дипломатик каналлар орқали зудлик билан мурожаат қилинган. Бундай пайтларда асл манбани топиш ва материалнинг ҳақиқийлигини текшириш жуда муҳимдир.
Табиийки, Россия томони шу заҳотиёқ "Бундай ҳақоратомуз баёнотлар, ким томонидан айтилишидан қатъий назар, чуқур афсусланарлилиги"ни таъкидлади.
Текширувлар натижасида ушбу материал провокацион хусусиятга эга бўлиб, халқларимиз ўртасидаги муносабатларга низо келтириб чиқаришга уринаётган бузғунчи кучлар томонидан тўқиб чиқарилгани маълум бўлди.
Россия томонининг хабар беришича, видеода тилга олинган шахс Россия Федерацияси фуқароси эмас. Ҳозирда Россиянинг расмий ОАВлари ҳам бу борасида қатор материалларни эълон қилмоқда.
Яна бир бор барчага ҳар қандай ахборот материалини тарқатишда масъулият билан ёндашиш зарурлигини эслатиб ўтамиз. Тасдиқланмаган манбалардан олинган контентни тарғиб қилишни номақбул деб ҳисоблаймиз.
2. Савол: 19 январь куни Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни алмашиш ҳақидаги келишув кучга кирди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг бу борадаги позицияси қандай?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганлар алмашинувини олқишлайди. Биз ушбу келишувларни кескинликни пасайтириш ва минтақада узоқ кутилган тинчликни таъминлаш йўлидаги жуда муҳим ижобий қадам сифатида қараймиз.
Биз Қатар, АҚШ ва Мисрнинг келишувга эришишдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз. Биз барча томонларни келишув шартларига риоя қилишга чорлаб қоламиз.
Ўзбекистон Яқин Шарқда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга содиқ қолади.
3. Савол: Ўзбекистон 1 январь куни БРИКС бўйича ҳамкор давлатга айланди. Мамлакатимизнинг ушбу ассоциациядаги иштирокидан қандай фойда кутилмоқда?
Жавоб: БРИКС кўп томонлама ҳамкорлик ва шерикликнинг нуфузли ва динамик бирлашмаси ҳисобланади. Ишончимиз комилки, бундай ўзаро ҳамкорлик модели БМТнинг марказий ролини сақлаб қолган ҳолда янада адолатли дунё тартибининг янги архитектурасини шакллантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин.
БРИКС аъзоларининг аксарияти бизнинг анъанавий ҳамкорларимиздир. Биз биринчи навбатда иқтисодий манфаатларни кўзлаймиз. БРИКС катта имкониятларга эга улкан бозордир. Уюшма аъзолари билан алоқаларнинг ҳар томонлама кенгайиши халқимиз фаровонлигини таъминлашда ижобий ўрин тутади.
4. Савол: Иккинчи учрашуви Анқарада бўлиб ўтган Озарбайжон ва Туркия билан уч томонлама ҳамкорлик платформасини Ўзбекистон қандай баҳолайди? Бошқа давлатлар билан ҳам шундай уч томонлама формат яратиш ёки унга бошқа давлатларни жалб қилиш орқали Боку-Тошкент-Анқара форматини кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилмоқдами?
Жавоб: Биз ушбу платформани мамлакатларимиз ўртасидаги фойдаланилмаган улкан салоҳиятни рўёбга чиқариш учун жуда муҳим майдон деб биламиз.
Учрашув кун тартиби жуда бой бўлиб, ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларини қамраб олди. Барча иштирокчилар томонидан минтақавий ва глобал характердаги долзарб масалалар бўйича мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун бор куч-ғайратимизни ишга солишга келишиб олдик. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни яхшилаш зарурлиги таъкидланди.
Хабарингиз бор, биринчи учрашув 2022 йилда бўлиб ўтган. Тошкентда ҳозиргиси кетма-кет иккинчи ва бошқа давлатларни жалб қилиш масаласи ҳали бу форматда кун тартибида эмас.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Эксперт нуқтаи назари: Марказий Осиё ва Россия – янги форматдаги кўп томонлама ҳамкорлик
Туркий давлатлар интеграцияси: Барқарор тараққиёт ва ҳамкорликка йўл