Москвадан муносабат: Ўзбекистон логистика ва саноатни ривожлантиришда минтақавий ҳамкорлик истиқболларини кенгайтирмоқда
Октябрь 11, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 102
МОСКВА, 11 октябрь. /“Дунё” АА/. Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти илмий ходими, Жамоатчилик дипломатияси ва жаҳон сиёсатини таҳлил қилиш маркази директори Александр Воробьёв “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон Президентининг 7–9 октябрь кунлари Туркманистонга амалий ташрифи хусусида фикр билдирди.
– Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви минтақа мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон учун муҳим воқеадир. Шу боис мамлакат раҳбарияти ушбу учрашувга катта эътибор қаратди. Тошкент учун транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш, қўшни давлатлар билан савдони кенгайтириш ва саноат кооперациясини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Президенти муносабатларни ривожлантириш нафақат транспорт йўналишларини кенгайтириш, балки «C5+Озарбайжон» формати доирасидаги тўлақонли иқтисодий ва саноат ҳамкорлигига асосланиши кераклигини таъкидлагани бежиз эмас.
Шу билан бирга, Тошкентнинг янги минтақавий тузилмани яратишга эмас, балки унинг самарали ишлашини таъминлаш ва форматнинг мослашувчанлигини сақлаб қолган ҳолда минтақа давлатлари учун муҳим вазифаларни бажаришга интилиши эътиборни тортади.
Учрашув натижалари Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни бир неча йўналишларда ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшади.
Улар орасида мослашувчан логистика инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт марказларини ташкил этиш, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёнинг сув ресурслари билан боғлиқ муаммоларни биргаликда ҳал этиш масалалари бор. Аслида, гап позицияларни мувофиқлаштириш ва яқин истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар режасини шакллантириш ҳақида бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси