СМТИ эксперти: Иқлим бўйича ҳамкорликнинг янги босқичи амалий натижаларга қаратилиши зарур
Октябрь 08, 2026. 18:00 • 6 дақ
• 93ТОШКЕНТ, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Тошкентда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамкорлигида минтақавий мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Икки кун давом этадиган мазкур тадбир “Илмий асосланган билимлардан асосланган иқлим сиёсатига – Марказий Осиёда иқлим барқарорлигини таъминлаш учун минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусида бўлиб ўтмоқда.
Тадбирда Германиянинг соҳага оид федерал идоралари ва илмий марказлари, Марказий Осиё мамлакатларининг давлат ва тадқиқот тузилмалари, етакчи халқаро ташкилотлар ҳамда ривожланиш бўйича ҳамкорлар – ЕИ, ИҲТТ, БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури, ЕХҲТ ва бошқалар вакиллари иштирок этмоқда.
Мулоқотнинг асосий эътибори 2020 йилда Германия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан минтақа давлатлари билан ҳамкорликда йўлга қўйилган “Яшил Марказий Осиё” ташаббуси доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди. Мазкур ташаббус илмий экспертиза, давлат сиёсати ва минтақавий ҳамкорликни бирлаштирган.
Унинг асосий натижаларидан бири минтақанинг беш давлати томонидан ишлаб чиқилиб, келишилган Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича Минтақавий стратегия бўлди. Уни қабул қилиш ташаббусини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил сентябрь ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида илгари сурган.
СМТИ директори биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов Ўзбекистон учун иқлим кун тартиби бевосита амалий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Иқлим ўзгаришини эндиликда фақат экологик муаммо сифатида кўриб бўлмайди. У бевосита сув, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт барқарорлиги ҳамда аҳоли ҳаёт сифатига таъсир кўрсатмоқда.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда мазкур муаммоларнинг кўлами тўлиқ англаб етилган. Шу боис Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат сиёсатида туб ўзгариш амалга оширилди: экология, иқлим ва сув масалалари алоҳида тармоқ муаммолари мажмуасидан мамлакат тараққиётининг миллий стратегиясини белгиловчи, иқтисодиёт, сув ресурсларидан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ва ҳудудий ривожланишдаги ёндашувларни қамраб олувчи устувор йўналишга айланди.
Акрамжон Неъматов мазкур сиёсатнинг институционал асослари сезиларли даражада мустаҳкамланганига ҳам эътибор қаратди. Экологик ҳуқуқлар Конституцияда мустаҳкамланди, узоқ муддатли стратегик режалаштириш тизими шакллантирилди. Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси бевосита Президентга ҳисобдор этиб белгиланган, илмий ва кадрлар тайёрлаш инфратузилмаси, жумладан, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ривожлантирилмоқда.
Унинг баҳолашича, мазкур ўзгаришлар бошқарув моделининг ўзи ўзгараётганини англатади: оқибатларга жавоб қайтаришдан – хатарларнинг олдини олишга, тарқоқ тармоқ ечимларидан – интеграциялашган экотизимли ёндашувга, асосан маъмурий усуллардан – маълумотлар, илм-фан, технологиялар ва иқтисодий рағбатларга таянган сиёсатга ўтилмоқда.
СМТИ вакили Ўзбекистон Президентининг иқлим барқарорлиги, энг аввало, мамлакат ичидаги самарали ўзгаришлардан бошланиши ҳақидаги ёндашувини алоҳида таъкидлади. Хусусан, 2017 йилгача сувни тежовчи технологиялар атиги 19 минг гектар майдонда қўлланган бўлса, 2026 йил бошига келиб, ушбу технологиялар 2,6 миллион гектар, яъни суғориладиган ерларнинг 60 фоизини қамраб олди. Йиллик сув тежалиши 2,5 миллиард куб метрга етди.
Сўнгги беш йил давомида қарийб 6 ГВт қувватга эга қуёш, шамол ва гидроенергетика объектлари ишга туширилди, электр энергияси ишлаб чиқаришда “яшил” энергиянинг улуши 30 фоизга етди. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 1 миллиарддан ортиқ дарахт ва буталар экилди, кўкаламзорлаштириш даражаси 2020 йилдаги 8 фоиздан 2025 йилда 14,3 фоизга ошди, Орол денгизининг қуриган тубида эса 2 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар барпо этилди.
Акрамжон Неъматов таъкидлаганидек, мазкур кўрсаткичларнинг аҳамияти фақат уларнинг рақамли ифодасида эмас. Улар Ўзбекистоннинг ресурслардан самарали фойдаланиш ва экологик барқарорликка асосланган ривожланиш моделига изчил ўтаётганидан далолат беради. Мазкур модель сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тоза энергетикани кенгайтириш, экотизимларни тиклаш ва иқлим хатарларини камайтиришга асосланган.
Шу билан бирга, СМТИ эксперти Ўзбекистоннинг иқлим сиёсати нафақат мамлакат ичида, балки минтақавий ва глобал даражаларда ҳам ташаббускор хусусият касб этаётганини алоҳида қайд этди. Мазкур ёндашув оддий бир ҳақиқатга асосланади: иқлим, сув ва экологик хатарлар давлат чегараларини тан олмайди. Бинобарин, миллий ислоҳотларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан мамлакатларнинг биргаликдаги ечимларни ишлаб чиқиш қобилиятига боғлиқ.
Марказий Осиёда Президент Шавкат Мирзиёев айнан шундай амалий механизмларни изчил илгари сурмоқда. Самарқанд иқлим форумида Сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича Минтақавий дастурни ишга тушириш, ҳар йили “Марказий Осиёнинг яшил белбоғи” акциясини ўтказиш, молиялаштириш, технологиялар ва малакаларни сафарбар этиш мақсадида Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқининг “Сув–Энергетика–Иқлим ўзгариши” ташаббуси Котибиятини ташкил этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Давлатимиз раҳбари тоғ экотизимлари учун хатарларни узлуксиз сунъий йўлдош орқали кузатиш ва уларни эрта аниқлаш мақсадида Copernicus дастури доирасида Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кенгайтириш ташаббусини илгари сурди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон минтақанинг иқлим кун тартибини глобал даражага изчил олиб чиқмоқда. COP29 саммитида давлатимиз раҳбари Иқлим ўзгариши оқибатида етказилган йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказни ташкил этиш, БМТ шафелигида дарё экотизимларининг саломатлиги ва экологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятлар декларациясини ишлаб чиқиш, Генетик ресурслар минтақавий банкини шакллантириш, Жаҳон иқлим пойтахтлари альянсини ташкил этиш ва унинг биринчи форумини Тошкент шаҳрида ўтказиш таклифларини илгари сурди.
Акрамжон Неъматовнинг фикрича, бугун Марказий Осиё янги ҳадли ҳужжатларни ишлаб чиқишдан кўра, эришилган келишувларни амалий мазмун билан тўлдириш муҳим бўлган босқичга етиб келди. Бошқача айтганда, минтақавий иқлим кун тартиби ёндашувларни шакллантиришдан уларни тизимли равишда амалга ошириш босқичига ўтиши зарур.
Шу муносабат билан, Акрамжон Неъматов олтита амалий йўналишни белгилаб берди:
Биринчидан, таққосланадиган методикалар, ахборот алмашинуви ва хатарларни биргаликда мониторинг қилишга асосланган, ўзаро мослашувчан минтақавий иқлим ва гидрометеорологик маълумотлар тизимини шакллантириш.
Иккинчидан, минтақавий стратегияни аниқ муддатлар, ижрочилар ва ўлчаб бўладиган кўрсаткичларга эга бўлган муайян лойиҳалар портфелига айлантириш.
Учинчидан, сувни тежаш, криосферани мониторинг қилиш, қурғоқчиликни бошқариш ва барвақт огоҳлантириш бўйича қўшма дастурларни жадаллаштириш ҳамда “сув – энергетика – озиқ-овқат – экотизимлар” ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш.
Тўртинчидан, кадрлар тайёрлаш ва илмий ҳамкорликни минтақавий устувор йўналишга айлантириш, қўшма таълим дастурлари ва академик мобилликни кенгайтириш.
Бешинчидан, иқлим, “яшил” ва “кўк” молиялаштириш механизмларини ривожлантириш, сув-иқлим лойиҳаларини амалга оширишга хусусий сектор, тараққиёт банклари ва халқаро молия институтларини фаолроқ жалб этиш.
Олтинчидан, миллий устувор йўналишларни ҳурмат қилган ҳолда, манфаатлар муштарак бўлган масалаларда Марказий Осиё давлатларининг мувофиқлаштирилган позицияларни ишлаб чиқиш салоҳиятини кучайтириш.
СМТИ вакили таъкидлаганидек, “Яшил Марказий Осиё” ташаббусининг амалий аҳамияти ҳам шунда: у илм-фан, давлат сиёсати, халқаро экспертиза ва инвестиция имкониятларини ўзаро боғлаб, хатарларни англашдан – қўшма ечимларга, ечимлардан – лойиҳалар ва инвестицияларга ўтиш имконини беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


