“Sabah” газетаси: Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Озарбайжон мамлакатлари иқтисодий кооперациясини “Олти иқтисодиёт — бир маҳсулот” формуласи асосида чуқурлаштиришни таклиф этди
Октябрь 10, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 50
АНҚАРА, 10 октябрь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг нуфузли “Sabah” газетасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Озарбайжоннинг саккизинчи Маслаҳат учрашувида илгари сурган ташаббусларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Туркманбоши шаҳридаги “Аваза” миллий туристик зонасида бўлиб ўтган саммитда давлатимиз раҳбари минтақа давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий кооперацияни “Олти иқтисодиёт — бир маҳсулот” формуласи асосида янада чуқурлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Нашрда қайд этилганидек, Ўзбекистон Президенти минтақа мамлакатларини анъанавий савдодан ўзаро боғлиқ бўлган қўшма ишлаб чиқариш ва технологик занжирларни яратишга, ўзаро инвестицияларни кенгайтириш ҳамда транспорт, энергетика, саноат ва рақамли технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга чақирди.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев 2027 йилда Хива шаҳрида Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес-форумини ўтказиш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун махсус платформа ташкил этишни таклиф қилди.
Мақолада минтақа мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг халқаро савдодаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қиладиган транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси