Японияда Самарқанднинг ноёб деворий суратлари ва Ипак йўли хазиналари намойиш этилади
Июль 29, 2026. 20:00 • 2 дақ
• 153
ТОКИО, 29 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси вакиллари Токио миллий музейида бўлиб ўтган матбуот анжуманида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нара шаҳри мэрияси ҳамда ушбу ҳудуддаги миллий музей ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасида ўрнатилган шериклик муносабатлари хусусида сўз юритилди.
Матбуот анжуманида 2027 йил июль–сентябрь ойларида Нара миллий музейида бўлиб ўтадиган Ипак йўли деворий суратлари ва хазиналарига бағишланган халқаро кўргазмага тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот берилди.
Журналистларни қизиқтирган саволларга Нара шаҳри мэри Ген Накагава, Миллий музей директори Йоичи Иноуэ, “NHK Enterprises, Inc.” корпорацияси минтақавий бошқармаси директори Такаши Савада, “Yomiuri Shimbun” вакили Даичи Нагаи батафсил жавоб берди.
Иштирокчилар Ўзбекистон Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашгани, Самарқанд шаҳри инсоният цивилизациясининг энг қадимий ва бой маданий марказларидан бири сифатида эътироф этилишини алоҳида таъкидлади.
Мутахассислар Ўзбекистон Президентининг 2025 йил декабрь ойида Японияга амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларини янги босқичга кўтариб, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратганини қайд этди.
Нара шаҳри мэри Ген Накагава тадбир давомида қуйидагиларни таъкидлади:
“Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасида қардошлик тўғрисидаги келишув имзоланганидан буён ўзаро алмашинувлар, маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. 2027 йилда ўтказиладиган кўргазма Ўзбекистон билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, Япониянинг Марказий Осиё билан ҳамкорлигини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади”, — деди Нара шаҳри мэри Ген Накагава.
Мазкур халқаро кўргазма ҳақида Нара миллий музейи директори Йоичи Иноуэ ҳам сўз юритди. Унинг фикрича, ушбу кўргазманинг марказий экспонати Самарқанднинг машҳур “Мўъжизавий деворий суратлари” бўлади. Унда 1965 йилда Афросиёб шаҳар харобаларидан топилган VII асрга мансуб сарой деворий суратлари намойиш этилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси