2026 йилнинг 7 ойида Ўзбекистонга Россиядан 710 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди
Август 19, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 41
МОСКВА, 19 август. /“Дунё” АА/. Россиянинг туризм ва сайёҳлик бизнесига ихтисослашган етакчи “Турпром” ахборот агентлигида “Туристлар оқими Ўзбекистонга кескин ортди: кўрсаткич 1,4 миллионга ўсди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистонда ҳақиқий туристик бум кузатилмоқда: 2026 йилнинг дастлабки етти ойида мамлакатга 7,749 миллион нафар хорижий меҳмон ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 миллион кишига кўп бўлиб, республиканинг Марказий Осиёдаги энг оммабоп туристик йўналишлардан бири сифатидаги мақомини яна бир бор тасдиқлайди.
Нашрнинг қайд этишича, сайёҳларнинг асосий оқими бўйича етакчиликни Қирғизистон сақлаб турибди — ушбу мамлакат фуқаролари томонидан 2,17 миллион ташриф амалга оширилган. Кейинги ўринларни Қозоғистон (1,855 миллион) ва Тожикистон (1,728 миллион киши) эгаллаган.
Мақолада россиялик сайёҳлар ҳам Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларига барқарор қизиқиш билдираётгани таъкидланган. Жорий йилнинг етти ойи давомида Россиядан 710 мингдан ортиқ ташриф қайд этилган бўлиб, биргина июль ойида республикага 125 мингдан зиёд россиялик келган.
“Ўзбекистон нафақат қўшни, балки узоқ хориж мамлакатларидан ҳам сайёҳларни жалб этган ҳолда туристик салоҳиятини фаол оширмоқда. Айниқса, Хитой томонидан қизиқишнинг ортгани сезиларли. Етти ой давомида мамлакатга 269,7 минг хитойлик сайёҳ ташриф буюрди, бу эса деярли бутун 2025 йилги кўрсаткичга тенгдир”, — дея таҳлилчилар фикридан иқтибос келтирилади нашрда.
Бундан ташқари, республикага энг кўп ташриф буюраётган мамлакатлар ўнлигидан Афғонистон (281,2 минг), Туркманистон (192,8 минг) ва Туркия (111,9 минг) жой олган. Энг юқори кўрсаткичларга эга ўнликни Ҳиндистон ва Жанубий Корея якунлаб бермоқда.
Мақола хулосасида таъкидланганидек, ушбу салмоқли рақамлар мамлакат туристик инфратузилмаси ортиб бораётган талабга тўлиқ жавоб бераётгани ҳамда маданий ва гастрономик турлар оммалашиб бораётганидан далолат беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси