Туркманистон пойтахтида ўзбек санъат усталари томонидан Махтумқули ғазаллари асосида яратилган қўшиқлар ижро этилди
Март 07, 2024. 15:30 • 2 дақ
• 126
АШХОБОД, 7 март. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан Туркманистон пойтахтидаги "Ватан" санъат саройида "Устозларни эслаб" номли концерт дастури ва Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Маданий дастур доирасида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган кўргазма ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг муҳим сайёҳлик йўналишлари, Тошкент, Самарқанд, Хива, Урганч, Бухоро каби тарихий шаҳарларимиздаги диққатга сазовор жойлар ва қадимий ёдгорликлар ҳақидаги фотосуратлар намойиш этилди.
Бадиий тадбир аввалида сўзга чиққанлар Ўзбекистон-Туркманистон ўртасидаги яхши қўшничилик ва барча соҳаларда фаол ҳамкорлик муносабатларининг ривожланиб бораётганини эътироф этдилар. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг мамлакатимизда "Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори икки давлат ўртасидаги дўстона ва яқин алоқалар мустаҳкамлигидан далолат бериши алоҳида урғуланди.
Концерт дастури давомида истеъдодли туркман қўшиқчиси Иззат Мовлонов машҳур ўзбек санъат усталари – Комилжон Отаниёзов, Шерали Жўраев, Бобомурод Ҳамдамов, Охунжон Мадалиев, Хуршид Расуловнинг Махтумқули шеърлари асосида басталанган қўшиқларини юксак маҳорат билан ижро этди.
Томошабинлар туркман хонандаси томонидан ўзбек тилида куйланган барча қўшиқларни катта завқ ва давомий олқишлар билан қарши олишдилар.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Ашхободда ташкил этилган мазкур концерт дастури Туркманистонда ўзбек миллий санъати ва қўшиқларига бўлган юқори қизиқишни яна бир карра исботлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси