Берлиндаги халқаро китоб ярмаркасида ўзбек болалар адабиёти намойиш этилди
Апрель 21, 2026. 15:37 • 3 дақ
• 31БЕРЛИН, 21 апрель. /“Дунё” АА/. Германия пойтахтида II халқаро болалар китоб ярмаркаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Келажакни бирга қурамиз!” шиори остида ўтказилган ушбу тадбирда дунёнинг турли мамлакатларидан келтирилган, 30 дан ортиқ тилдаги болалар адабиёти намойиш этилди.
Мазкур халқаро маданий-маърифий анжуманда Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари ҳам фаол иштирок этди. Элчихона томонидан Ўзбекистонда ва хорижда ижод қилаётган ўзбек муаллифларининг асарлари тақдим этилди. Жумладан, болалар ёзувчилари Динара Мўминова ва Ситора Усманова асарлари, Ойбек Остонов таржимаси асосидаги ўзбек болалар адабиёти намуналари намойиш қилинди.
Бу иштирок ўзбек болалар адабиётини халқаро миқёсда кенгроқ танитиш, мамлакатимизнинг бой маданий мероси ва замонавий адабиётини тарғиб қилиш, Германияда яшовчи ватандошлар фарзандларини она тилидаги китоблар билан таништиришга хизмат қилди.
Ярмарка доирасида болалар ва ота-оналар учун турли маданий дастурлар ташкил этилди. Жумладан, элчихона “Peacock Verlag” нашриёти билан ҳамкорликда “Хўжа Насриддиннинг қувноқ латифалари” китобининг ўзбек, немис, инглиз ва рус тилларидаги тақдимотини ўтказди.
Шунингдек, кичик ёшдаги болалар учун интерактив мутолаа тадбири уюштирилиб, улар ва ота-оналарига Ўзбекистон ҳақида маълумотлар берилди.
Берлин ва унинг атрофида яшовчи ватандошлар, ота-оналар ва болалар ярмаркага ташриф буюриб, ўзбек тилидаги китоблар билан танишди ва маданий дастурлардан баҳра олди.
“Cultur-Cooperation International e.V.” ташкилоти раҳбари, исломшунос олима Кэтлин Гёбелнинг таъкидлашича, уч кун давомида қизиқарли болалар китоблари ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда 30 дан ортиқ мамлакат иштирок этди ва турли тиллардаги китоблар намойиш қилинди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг иштироки, айниқса, эсда қоларли бўлди. Насриддин ҳақидаги ҳикоялар турли тилларда ўқиб берилди ва бу нафақат болаларни, балки катталарни ҳам жалб қилди. Насриддин образидаги чиқишлар, рақс, мусиқа ва қўшиқлар билан бойитилган саҳнавий намойиш томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Ношир Штефан Трудевинд ҳам тадбирдан мамнун эканини билдирди. Унинг айтишича, ярмарка давомида янги ҳамкорлар топиш ва тажриба алмашиш имконияти яратилди. Айниқса, Ўзбекистон элчихонаси билан ўзбек болалар адабиётини нашр этиш ва келажакда икки тилли китоблар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Муаллиф Ситора Усманова эса “Кўприк ва дўстлик” номли икки тилли китобини болаларга интерактив тарзда тақдим этганини айтди. Унинг таъкидлашича, болалар дўстлик ғоясини катта қизиқиш билан қабул қилди.
Ушбу фестиваль нафақат китоб тақдимоти, балки маданиятлараро мулоқот, янги дўстликлар ва келажакдаги ижодий ҳамкорликлар учун муҳим майдон бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



