Токиода “Салом, Япония!” китоби тақдимоти бўлиб ўтдикул
Апрель 15, 2026. 15:50 • 2 дақ
• 219ТОКИО, 15 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан “Uzbek Academic Club” аъзолари ва ушбу давлатда таҳсил олаётган ватандошлар иштирокида учрашув ташкил этилди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбирда талабалар, ёш тадқиқотчилар ҳамда турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошлар қатнашди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон элчиси Мухсинхўжа Абдурахмонов ватандошлар билан ишлаш, айниқса ёшлар ва илмий изланувчиларни қўллаб-қувватлаш элчихона фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Тадбир давомида Япониядаги илмий муҳитнинг ўзига хос жиҳатлари – тартиб-қоиданинг муҳимлиги, юқори талабчанлик ва чуқур илмий ёндашув муҳокама қилинди. Ушбу кунчиқар юртда фаолият юритаётган ўзбекистонлик ёшлар сони тобора ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Нагоя университети докторанти Улуғбек Абдураҳмонов ўз тақдимотида илмий фаолиятни ривожлантириш, халқаро академик муҳитга мослашиш ва тажриба алмашиш масалалари бўйича маълумот берди.
Тадбирда “Салом, Япония!” китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ушбу асарда Японияда яшашга оид маиший, ҳуқуқий, консуллик ва маданий-гуманитар масалалар бўйича маълумотлар ҳамда тавсиялар жамланган. Тақдимот давомида муаллифлар китоб яратилиши жараёни ва унинг асосий ғоялари ҳақида сўз юритди.
Шу билан бирга, учрашув жараёнида Японияда машҳур бўлган “Gakumon no Susume” асарининг ўзбек тилига таржима қилинган китоб тақдимоти ҳам ўтказилди. Ушбу таржима ватандошлар ташаббуси билан амалга оширилиб, унинг ўзбек тили нуфузини ошириш ва илмий-маърифий меросни кенг жамоатчиликка етказишдаги аҳамияти эътироф қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

