Logo

Берлин шаҳрида "Хўжа Насриддин" фестивали ўтказилди

Октябрь 28, 2024. 08:10 • 2 дақ

338
Берлин шаҳрида  "Хўжа Насриддин" фестивали ўтказилди

БЕРЛИН, 28 октябрь. "Дунё" АА. Берлин шаҳрида "Хўжа Насриддин" фестивали ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.



Унда мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси ташкилотчи сифатида иштирок этди ва мамлакатимиз маданияти ҳамда санъатини намойиш этди.

Германияда аккредитациядан ўтган Марказий Осиё, Озарбайжон, Эрон ва Покистон давлатлари элчихоналари томонидан "Cultur-Cooperation Int. e.V." ташкилоти билан биргаликда ташкил этилган фестивалда мезбон мамлакат расмийлари, иштирокчи давлатлар дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, Берлин шаҳри аҳолиси, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқалар иштирок этди.

Фестивалнинг расмий очилиш маросимида Германия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Йенс Вагнер, Берлиннинг Штеглиц-Целлендорф маъмурий округи бургомистри Марен Шелленбергер ва Берлин шаҳридаги ХДС партиясининг таълим сиёсати масалалари бўйича парламент гуруҳи вакили Сандра Ҳалатбари сўзга чиқиб, мазкур маданият фестивали халқлар ўртасидаги дўстлик кўпригини мустаҳкамлаш, маданий мулоқотни шаклланишига катта ҳисса қўшишини таъкидладилар.

Насриддин Афанди латифалари нафақат Шарқ халқлари орасида кенг тарқалгани, балки Европа тилларига таржима қилингани, унинг латифаларидаги донолик, зукколик ва шу билан бирга юморга йўғрилган ҳикоялари ҳар доим ўз долзарблигини йўқотмагани қайд этилди.

Шарқ халқлари қаҳрамони Хўжа Насриддин фестивали доирасида иштирокчи мамлакатлар ўз маданий дастурлари, куй-қўшиқлари, рақслари, Насриддин образи билан боғлиқ қизиқарли саҳна кўринишларини намойиш этдилар.

Ҳафиза Қўчқарова бошчилигидаги ҳаваскор санъаткорлардан иборат мамлакатимиз вакиллари томонидан "Хўжа Насриддин Бухорода" номли саҳна кўриниши, "Ялла" гуруҳининг Насриддин афанди ҳақидаги машҳур қўшиғи ва ўзбек миллий рақслари ижро этилди. Айниқса, болажонлар учун тайёрланган "Афандининг топишмоқлари" ўйини жуда қизиқарли кечди. Ғолиб болажонларга мамлакатимиздан келтирилган миллий сувенир ўйинчоқлар топширилди.

Иштирокчи мамлакатларнинг миллий руҳда безатилган стендлари, миллий пишириқ ва ширинликлардан иборат дастурхон ташриф буюрувчиларни Шарқ мамлакатлари оламига саёҳатга чорлади. Шунингдек, Ўзбекистон стендига ташриф буюрувчилар ўзбек миллий либослари, ҳунармандчилик буюмлари, турли хил ипак матолар, миллий либослар билан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Ўзбекона безатилган топчан ва хонтахталар меҳмонларни юртимиз маданиятига бўлган қизиқишини орттирди. Меҳмонларга мамлакатимиз туристик салоҳияти ёритилган тарқатма материаллар ва брошюралар тақдим этилди.

Марен Шелленберг, Берлин шаҳрининг Штеглиц-Целлендорф маъмурий округи бургомистри:

– Еттита мамлакат элчихоналари биргаликда "Хўжа Насриддин" фестивалини Штеглиц-Целлендорф маъмурий округи биносида ташкил қилганларидан жуда мамнунмиз. Фестиваль Берлин аҳолисига ушбу мамлакатлар халқлари ва уларнинг маданиятлари билан яқиндан танишиш имкониятини берди. Ўзбекистон ўзининг катта стенди билан иштирок этгани, қадимий маданий меросини намойиш этаётганидан хурсандмиз. Ҳали Ўзбекистонга бормаганман, лекин бугунги тадбир туфайли мамлакатингиз ҳақида кўпроқ таассуротга эга бўлдим.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш