Ўзбекистон Президенти Ўзбекистон–Ўмон бизнес форумининг очилиш маросимида нутқ сўзлади

Ноябрь 17, 2026. 18:10 • 3 дақ

• 26
Ўзбекистон Президенти Ўзбекистон–Ўмон бизнес форумининг очилиш маросимида нутқ сўзлади

ТОШКЕНТ, 17 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон–Ўмон бизнес форумининг очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда Ўмон Бош вазири ўринбосари Зеязин бин Ҳайсам Ол Саид, икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, етакчи компаниялар, молия институтлари ва ишбилармон доиралар вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид билан ўтказилган олий даражадаги музокаралар ва эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.

Жорий йилда ўзаро савдо ҳажми сезиларли ошгани, бироқ мавжуд иқтисодий салоҳият ҳали тўлиқ ишга солинмагани таъкидланди. Шу муносабат билан яқин истиқболда товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб белгилангани қайд этилди.

Ташриф доирасида умумий қиймати 5 миллиард долларлик аниқ лойиҳалар портфели шакллантирилди. Президентимиз энг муҳими келишувлар сони эмас, балки уларнинг амалий натижаси эканини алоҳида таъкидлади.

Шу мақсадда саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, замонавий шаҳарсозлик ва туризм, минерал ресурсларни ўзлаштириш, шунингдек, молия ва рақамли технологиялар соҳалари ҳамкорликнинг бешта устувор йўналиши сифатида таклиф этилди.

Хусусан, электротехника соҳасида Ўмон компаниялари билан кабель ва трансформатор маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш ҳамда уларни қўшни мамлакатларга экспорт қилиш бўйича келишувларга эришилгани қайд этилди.

Транспорт-логистика йўналишида Ўмоннинг денгиз портлари ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги стратегик имкониятларини бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Соҳар шаҳрида логистика инфратузилмасини барпо этиш, ягона савдо-логистика платформасини шакллантириш, шунингдек, авиақатновларни кўпайтириш ва юк ташиш рейсларини йўлга қўйиш таклиф этилди.

Ўмон инвесторларининг Янги Тошкент лойиҳасидаги иштироки юқори баҳоланди. Янги шаҳарда барпо этиладиган “Масқат” мавзеси икки халқ дўстлигининг ёрқин рамзига айланишига ишонч билдирилди.

Кимё саноати, геология-қидирув ишлари ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилгани таъкидланди.

Молия ва рақамли технологиялар йўналишидаги амалий ҳамкорлик ҳам кенгаймоқда. Жумладан, сунъий йўлдошларни учириш бўйича қўшма корхона ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда.

Президентимиз ўмонлик ишбилармонларни Ўзбекистондаги истиқболли лойиҳаларда фаол иштирок этишга таклиф этиб, ҳар бир инвестор учун қулай ва ишончли муҳит яратиш, қўшма ташаббусларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Ўз навбатида, Ўмонда тадбиркорлик ва хорижий инвестициялар учун яратилган кенг имкониятлар юқори баҳоланиб, ўзбекистонлик компаниялар ушбу мамлакат бозорига фаол кириб боришга даъват этилди.

Форум икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва инвестициявий шерикликни янги амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш