Россиялик болалар ёзувчисининг Ўзбекистон ҳақидаги эртак китоби нашр этилди
Сентябрь 04, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 204САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 4 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан таниқли россиялик ёзувчи Кристина Кретованинг “Недо сичқончанинг Ўзбекистондаги саргузаштлари” номли эртак китоби нашр этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Лойиҳа россиялик адибанинг ўз маблағлари ҳисобидан тўлиқ молиялаштирилди. Рақамли рангли тасвирлар билан бойитилган ва қаттиқ муқовада чоп этилган ушбу китоб 6 ёшдан катта болалар учун мўлжалланган бўлиб, 4 минг нусхада сотувга чиқарилди.
Китоб концепцияси бош қаҳрамон – Санкт-Петербурглик Недо исмли сичқончанинг Ўзбекистон бўйлаб қилган саёҳати атрофида қурилган. Маърифий хусусиятга эга бўлган эртак сюжетига экологик муаммолар ва маданий меросни асраб-авайлаш мавзулари сингдирилган.
Қаҳрамонларнинг саёҳат йўналиши мамлакатимизнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари орқали ўтиб, кичик китобхонларни Буюк ипак йўли тарихи, миллий таомлар ва ўзбек халқининг бой урф-одатлари билан яқиндан таништиради. Бадиий матн Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, наботот ва ҳайвонот олами ҳақидаги батафсил маълумотномалар билан тўлдирилган.
Китобнинг расмий тақдимоти шу йил Ўзбек тили байрами куни арафасида Санкт-Петербург шаҳридаги М.Ю.Лермонтов номидаги Болалар кутубхонасида ўтказилиши режалаштирилган.
Кристина Кретова – россиялик таниқли болалар ёзувчиси, Катта Болалар фестивали ва “Дунё эзгулиги йўлида” мукофоти лауреати. Унинг асарларининг умумий тиражи 188 минг нусхадан ошади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

