Ўзбек шоираси ижоди Италия матбуотида ёритилди
Август 27, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 95
РИМ, 27 август. /“Дунё” АА/. Италиянинг “Cavalierenews” нашрида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Хосият Рустамова ижодига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Таниқли шоир ва ношир Рифат Исмоилли ҳамда Ангела Коста муаллифлигидаги “Кўз ёшлар сиғмайди жамадонимга” сарлавҳали ушбу мақолада шоиранинг шеърий туркумлари чуқур таҳлил қилиниб, уларда инсон қалби изтироблари ва кечинмалари юксак бадиий маҳорат билан ифодалангани эътироф этилган.
Муаллифлар ўзбек шоирасини бугунги Ўзбекистоннинг энг нуфузли, таъсирчан ва кўп тилларга таржима қилинган шеърий овозларидан бири сифатида таърифлаган.
Мақолада таъкидланишича, итальян нашри ушбу мақола орқали китобхонларни замонавий жаҳон адабиётида ўз муносиб ўрнига эга бўлган Ўзбекистонга ва унинг бой маънавий дунёсига саёҳат қилишга чорлайди.
“Шоирнинг овози қанчалик ўз юрти руҳи, тили, хотираси ва маънавий тажрибасига таянса, дунё билан мулоқоти шунчалик таъсирчан кечади. Хосият Рустамова шеърияти мана шу жиҳати билан ҳам сарҳад билмайди”, – деб ёзилган “Cavalierenews” нашрида.
Мазкур эътироф ўзбек замонавий шеъриятининг ва миллий адабиётимизнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганининг навбатдаги ёрқин исботи бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси