Logo

Ўзбекистон ҳунармандлари илк бор Куала-Лумпурда ўтаёган АСЕАН санъат ва миллий ҳунармандчилик кўргазмасида иштирок этмоқда

Октябрь 19, 2025. 13:05 • 2 дақ

296
Ўзбекистон ҳунармандлари илк бор Куала-Лумпурда ўтаёган АСЕАН санъат ва миллий ҳунармандчилик кўргазмасида иштирок этмоқда

КУАЛА-ЛУМПУР, 19 октябрь. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 10-20 октябрь кунлари Малайзия пойтахтида АСЕАН санъат ва миллий ҳунармандчилик кўргазмаси (ASEAN Arts & Crafts Bazaar – 2025) бўлиб ўтмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон элчихонаси ва Республика "Ҳунарманд" уюшмаси билан ҳамкорликда мазкур кўргазмада илк бор Ўзбекистон миллий стенди ташкил этилди.

Малайзия Туризм, санъат ва маданият вазирлиги ҳузуридаги Ҳунармандчиликни ривожлантириш корпорацияси томонидан ташкил этилган мазкур кўргазмада, шунингдек. 15 га яқин хорижий мамлакатлар, шу жумладан АСЕАН ташкилотига аъзо давлатлар, Хитой, Туркия ва Ўзбекистон ҳунармандлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этаяпти.

Тадбир доирасида ҳунармандчиликнинг турли соҳалари маҳсулотлари намойиш этилди ва уларни тайёрлаш бўйича ҳунарманд усталар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди. Ўзбекистон миллий стендида "Оташин кулолчилик" компанияси усталари томонидан ўзбек миллий кулолчилик буюмлари намойиш этилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Малайзия Туризм, санъат ва маданият вазирлиги бош котиби Шаҳаруддин Абу Соҳот ушбу халқаро санъат ва ҳунармандчилик тадбири турли халқларни ва маданиятларни бир-бирига яқинлаштиришга ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишини таъкидлади. У ўзбекистонлик усталарга ушбу тадбир доирасида халқаро ҳунармандчилик маҳсулотларининг намойишини ташкил этишга қўшган ҳиссаси учун махсус сертификатни топширди.

Оддий соз тупроқдан мўъжиза яратаётган шаҳрисабзлик кулоллар меҳнати кўргазмага келган Малайзия Қироллик оиласи аъзолари, вазирлик ва дипломатик корпус вакилларининг ҳайратига сабаб бўлди. Хусусан, шаҳрисабзлик моҳир уста Рустам Музаффаров томонидан тайёрланган халқ амалий санъати буюмлари кўргазма иштирокчиларини, айниқса, унинг фахрий меҳмонларидан бири бўлган Малайзиянинг Мелакка штати администрацияси раҳбари Моҳд Али бин Моҳд Рустам эътирофига сабаб бўлди.

Рустам Музаффаров кулолчилар сулоласининг еттинчи вакили ҳисобланади. У 2014 йилда ЮНЕСКОнинг "Бутунжаҳон сифат белгиси" билан тақдирланган. Ҳамюртимиз ижодий ишлари Франция, АҚШ, Россия, Япония ва мамлакатлар галереяларида сақланади. Эътиборлиси, унинг ижодий устахонаси дунё маданий обидалари рўйхатига киритилган. Рустам Музаффаров ҳозирги кунда "Maple Bear Canadian IB school in Tashkent" мактабида ёшларга кулолчилик сирларини ўргатиб келмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш