Logo

"Made in Uzbekistan" бренди остидаги маҳсулотлар Варшавада ўтаётган халқаро кўргазма намойиш этилмоқда

Октябрь 25, 2025. 17:40 • 2 дақ

272
"Made in Uzbekistan" бренди остидаги маҳсулотлар Варшавада ўтаётган халқаро кўргазма намойиш этилмоқда

ВАРШАВА, 25 октябрь. /"Дунё" АА/. Польша пойтахтида Европа интерьер саноатининг энг йирик халқаро тадбирларидан бири – "Warsaw Home & Contract 2025" кўргазмаси очилди, деб хабар қилмоқда Дунё АА мухбири.

Тадбир интерьер, мебель, уй тўқимачилиги ва безак маҳсулотлари соҳасидаги етакчи ишлаб чиқарувчи ва дизайнерларни бир майдонга жамлади.

Ўзбекистон Ҳукумати томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва "Made in Uzbekistan" миллий брендини илгари суриш мақсадида кўрсатилаётган амалий ёрдам натижасида бу йил ҳам мамлакатимизнинг тўқимачилик соҳасидаги қатор корхоналари мазкур кўргазмада миллий стенд таркибида фаол иштирок этмоқда.

Кўргазманинг илк куниёқ юртимиз павильонига хорижий харидорлар, дизайнерлар ва интерьер соҳаси мутахассислари катта қизиқиш билдирди. Ўзбекистон компаниялари томонидан намойиш этилган маҳсулотлар юқори сифат, замонавий дизайн ечимлари ва экологик стандартларга мослиги билан иштирокчилар эътиборини қозонди.

Хусусан, "Польша–Туркия" тадбиркорлар уюшмаси раиси Хабеш Факибаба ўзбек маҳсулотлари сифатини эътироф этди. "Польшада тўқимачилик фабрикамиз бор. Биз келгусида Ўзбекистон корхоналари билан ҳамкорлик қилишга ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрмиз", – деди у.

 "PTAK Warsaw Expo" маркази президенти Казимеж Пилкович ўзбек компаниялари тақдим этаётган кенг ва ранг-баранг маҳсулотлар юқори сифат ҳамда замонавий дизайн ечимлари билан ажралиб тураётганини қайд этди.

Польша инвестициялар ва савдо агентлиги вакили Яцек Михальский ҳам мамлакатимиз павильонига ташриф буюриб, Ўзбекистон компанияларининг кўргазмадаги фаол иштироки ва тақдим этаётган маҳсулотларини юқори баҳолади.

Кўргазманинг биринчи куни давомида бир қатор халқаро ҳамкорлик учрашувлари ва музокаралар ўтказилди ҳамда экспорт шартномалари бўйича дастлабки келишувларга эришилди

Ўзбекистоннинг "Warsaw Home & Contract 2025" кўргазмасидаги иштироки "Made in Uzbekistan" бренди нуфузини жаҳон бозорида янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш