Ўзбекистоннинг IT аутсорсинг соҳасидаги имкониятлари Германияда тақдим этилди
Октябрь 14, 2025. 11:13 • 4 дақ
• 88
БЕРЛИН, 14 октябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида "IT Park Uzbekistan"нинг Германиядаги ваколатхонаси томонидан "Uzbekistan Outsourcing Conference" анжумани ташкил этилди, деб хабар беради "Дунё" АА мухбири.

Форумда мезбон мамлакатнинг Рақамли технологиялар ва давлат бошқарувини модернизация қилиш федерал вазирлиги вакиллари, IT ва рақамлаштириш соҳаларидаги "Gevekom GmbH", "Endax GmbH", "Schwarz Digital", "Pedersen & Partners" каби бир қатор етакчи компания ва фирмалар раҳбарлари, экспертлар ҳамда маҳаллий журналистлар иштирок этди.
Тадбирга "IT Park Uzbekistan" раҳбарияти бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси қатнашди.
Анжуман Ўзбекистоннинг IT ва аутсорсинг соҳасидаги салоҳиятини намоён этиш, Германия бизнеси билан тўғридан-тўғри алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда мамлакатимизни глобал рақамли хизматлар соҳасида ишончли ҳамкор сифатида таништириш мақсадида ташкил этилди.
Элчи Дилшод Ахатов тадбир иштирокчиларини қутлаш баробарида, мамлакатимизда ахборот технологиялари ҳамда рақамлаштириш соҳасида эришилаётган ютуқлар, хорижий IT компаниялар, тадбиркорлар ва сармоядорлар учун яратилган имтиёзли қулай шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Дипломат республикамизда IT-компаниялар сони 147тадан (2017 йил) 3 мингтагача ўсгани, 2024 йилда Ўзбекистон БМТнинг электрон ҳукумат рейтингида 24 поғона кўтарилиб, 63-ўринни эгаллагани ва 2030 йилга бориб кучли 30таликка киришни мақсад қилинганини айтиб ўтди. Шунингдек, юртимизнинг чет эллик сармоядорлар ва бизнес вакиллари учун жозибадор бўлиб бораётгани таъкидланди. Элчи Европа бизнесларини, хусусан, Германия IT компанияларини "IT Park Uzbekistan"нинг рағбатлари ва инфратузилмаси ҳамда рақамлаштириш борасида эришилган ютуқлари мисолида немис компанияларини Ўзбекистонда янада фаолроқ иштирок этишга таклиф қилди.
"IT Park Uzbekistan" вакилларининг "Uzbekistan-Strategic Partner in Global Services Expansion" мавзусидаги тақдимотида "Zero Risk" дастури, солиқ имтиёзлари, IT-визалар ва мамлакатда ўсиб бораётган кадрлар салоҳияти ҳақида кўргазмали батафсил маълумот берилди. Бундан ташқари, IT Park кенг қамровли фаолияти, аутсорсинг йўналишида эришаётган ютуқлари ҳамда унга аъзо хориж компанияларининг муваффақиятлари ҳақида видеороликлар намойиш этилди.
Анжуманнинг иккинчи ярмида "A Scalable and Strategic Decision" мавзусида панель сессия ташкил этилди. Соҳа экспертлари ва мутахассислари билан бўлиб ўтган муҳокамаларда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил маълумот олдилар.
Бундан ташқари, тадбир давомида Ўзбекистон делегацияси вакиллари "Gevekom GmbH", "Endax GmbH", "Schwarz Digital", "Pedersen & Partners" каби қатор йирик немис компаниялари билан B2B учрашувлар ўтказди. Уларда Ўзбекистон ва Германия ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янада жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Адриан Волкерсдорф, Германия Федерал рақамли технологиялар ва давлат бошқарувини модернизация қилиш вазирлиги вакили:
– Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги ахборот технологиялар соҳасида ҳам ҳамкорлик жуда яхши ривожланмоқда. Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми ёшларни ташкил этади ва улар IT соҳаси бўйича юқори салоҳиятга эга. Германияда эса IT мутахассислар етишмовчилиги мавжуд — тахминан 140 минг нафар IT мутахассиси етишмайди. Шу сабабли, Германияда ушбу соҳада каттароқ ўсишга эришишнинг муҳим йўналишларидан бири — бу IT жараёнларини бошқа мамлакатларга, жумладан Ўзбекистонга аутсорсинг қилиш ҳисобланади. Ўзбекистонда IT-Parkнинг ташкил этилиши жуда катта ва ижобий қадам деб ҳисоблаймиз. Бу марказ мамлакатнинг турли ҳудудларидан иқтидорли мутахассисларни ўзига жалб қилмоқда. Ёш мутахассисларда ҳам бу ерда ишлашга катта қизиқиш ва интилиш мавжуд. Бугунги кунда "IT Park Uzbekistan"га кўплаб халқаро компаниялар қизиқиш билдирмоқда. Менимча, бу мамлакат иқтисодиёти учун жуда манфаатли ва рағбатлантирувчи ривожланиш ҳисобланади.
Бастиан Кроггел, "Plug and Play" компанияси менежери:
– 2023 йилдан буён "IT Park Uzbekistan" билан ҳамкорликда мамлакатдаги стартап экотизимини ривожлантириш ва уни янги босқичга кўтариш устида иш олиб боряпмиз. Ўтган йилларда бу йўналишда катта ютуқларга эришдик. Ҳозиргача тўртта акселератор дастурини якунладик ва бешинчи дастурни ташкил этиш ишларини бошлаганмиз. Бу дастур октябрь ойи охирида старт олади.
Шу вақтгача учта стартапга сармоя киритдик ва бу сармояларимиз билан катта муваффақиятларга эришдик. Биз Ўзбекистонни стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишончли ҳамкор деб биламиз.
Филипп Клайне Йэгер, "EPAM Systems" компаниясининг Европа бўйича консалтинг бизнеси учун масъул вакили:
– Марказий Осиё минтақаси, қолаверса Ўзбекистон биз учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги пайтда энг тез ўсувчи бозорлардан бири саналади – йиллик ўсиш суръати тахминан 40 фоиздан ортиқ. Шу сабабли биз Ўзбекистон билан ҳамкорликни жуда муҳим деб ҳисоблаймиз ва мижозларимизга ҳам айнан шу ерда фаолият юритишни тавсия этамиз, чунки сифат ва нарх-нисбат жиҳатидан қиймат жуда юқори.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
"Арда Хива" туризм мажмуасида "Гиламлар жилоси" халқаро кўргазма-фестивали бўлиб ўтди
