Ўзбекистон ташқи ишлар вазири 12 мамлакатдаги ҳамкасби билан Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилди
Март 03, 2026. 19:07 • 2 дақ
• 183
ТОШКЕНТ, 3 март. /“Дунё” АА/. Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви ва минтақада сақланиб қолаётган мураккаб вазият муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги зиддиятни юмшатиш ва тартибга солишнинг сиёсий-дипломатик механизмларини илгари суришга кўмаклашишга қаратилган фаол дипломатик саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Шу муносабат билан Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бир қатор давлатлардаги ҳамкасблари билан телефон орқали суҳбат ўтказди:
- Афғонистон ташқи ишлар вазири Мавлавий Амир Хон Муттақий,
- Покистон Бош вазирининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири ва сенатори Муҳаммад Исъҳоқ Дор,
- Қатар Бош вазири ва ташқи ишлар вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон бин Жассим Ол Соний,
- Қувайт ташқи ишлар вазири Шайх Жарроҳ ас-Сабоҳ,
- Ўмон ташқи ишлар вазири Саид Бадр бин Ҳамад Ал-Бусаидий,
- Иордания Бош вазирининг ўринбосари, ташқи ишлар ва экспатриантлар ишлари вазири Айман Сафадий,
- Баҳрайн ташқи ишлар вазири Абдуллатиф бин Рашид Алзаяни,
- Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов,
- Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазирининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Шайх Абдулла бин Зоид Ол Наҳаён,
- Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири, шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд,
- Испания ташқи ишлар, Европа Иттифоқи ва ҳамкорлик ишлари вазири Хосе Мануэл Албарес Буэно,
- Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи.
Суҳбат чоғида томонлар Яқин Шарқдаги низоли вазиятнинг ривожланиши ва унинг эҳтимолий минтақавий оқибатлари, шунингдек, Афғонистон–Покистон чегараси бўйлаб содир бўлаётган қарама-қаршилик юзасидан фикр алмашди. Вазминлик кўрсатиш, вазиятнинг янада кескин тус олишига йўл қўймаслик ва дипломатик саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлик принципларига, халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя этиш, ишонч чораларини мустаҳкамлаш ва юзага келаётган барча хавф-хатарларни фақат тинч, сиёсий-дипломатик воситалар билан ҳал этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Қатор суҳбатларда Ўзбекистон Президентининг тегишли давлатлар раҳбарияти ва халқларига бирдамлик, қўллаб-қувватлаш ва ҳамдардлик сўзлари етказилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
