Logo

Қиролича Ража Зарит Софиа: Юксак меҳмондўстлик ва ёрқин таассуротларга бой саёҳат учун раҳмат, Ўзбекистон!

Май 08, 2026. 17:30 • 3 дақ

68
Қиролича Ража Зарит Софиа: Юксак меҳмондўстлик ва ёрқин таассуротларга бой саёҳат учун раҳмат, Ўзбекистон!

КУАЛА-ЛУМПУР, 8 май /“Дунё” АА/. Мамлакатимизга ташриф буюрган Малайзия Қироличаси Ража Зарит Софиа ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Ўзбекистонга сафари давомида ўзбек халқи томонидан кўрсатилган самимий қабул, юксак меҳмондўстлик, ёрқин ва унутилмас таассуротларга бой саёҳат учун миннатдорлик мактубини эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

“Аввал Малайзияда мактабда, кейин эса Англияда ўрта мактаб ва университетда таҳсил олган инсон сифатида мен Малайзия ва Британия маданиятини ўрганиб, шу муҳит таъсирида вояга етдим, деб ёзган Малайзия Қироличаси мактубида. Ота-онам бизни Европа ва Қўшма Штатларга саёҳатга олиб боришар эди.

Жуда узоқ вақт давомида мен каби кўплаб инсонлар фақат Ғарб мамлакатларига саёҳат қилиш ҳақида ўйлашарди. Биз Марказий Осиё давлатлари ҳақида етарлича маълумотга эга эмас эдик.

Мен Малайзияга Ўзбекистон ҳақидаги ажойиб хотиралар билан қайтмоқдаман. Бу ерда учратган ҳар бир инсон бизга дўстона муносабатда бўлди, самимийлик ва юксак меҳмондўстлик намоён этди.

Мен саёҳат қилган айрим мамлакатларга нисбатан шаҳарлар жуда тоза экани эътиборимни тортди. Ҳамма жойда гўзал гуллар экилиб, одамлар сайр қилиши учун боғлар барпо этилган.

Тошкентдаги эсдалик совғалари дўконлари ҳақиқий санъат асарларини намойиш этади. Нозик ўйилган ёғоч қутилардан тортиб, мураккаб нақшлар билан безатилган буюмларгача барчаси юксак маҳорат намунаси. Дўконларда, шунингдек, ёрқин кашталар билан безатилган шарфлар, курткалар ва узун халатлар ҳам бисёр.

Ислом цивилизацияси марказига ташриф менда унутилмас таассурот қолдирди. Қани энди барча кўргазмаларни томоша қилиш учун янада кўпроқ вақт бўлса эди. Марказ Исломнинг Олтин асрида яшаган мусулмон олимларининг улкан илм-маърифатини ўзида мужассам этган.

Самарқанддаги Регистон майдонида жойлашган учта муҳташам иншоотнинг гўзаллиги мени ҳайратга солди. Масжид ва мадрасаларнинг ташқи ҳамда ички кўриниши ниҳоятда бетакрор.

Мен рассомчиликдан бироз хабардорман ва шуни айта оламанки, ушбу биноларни барпо этган ҳунармандларнинг маҳорати ва истеъдоди ҳар қандай инсонни лол қолдиради.

Шунингдек ўқинг

Имом Бухорий мажмуаси ҳам ўзбек халқининг бой мероси, юксак маҳорати ва анъаналарини яна бир бор намоён этди. Айниқса, ўйма ёғоч устунлар менда катта таассурот қолдирди.

Ислом оламининг энг буюк олимларидан бири мақбарасида бўлиш мен учун қадрли ва унутилмас лаҳзалардан бири бўлди.

Интерактив визуалларга эга музей бизга ушбу буюк олим, унинг ақл-заковати, исломга бўлган муҳаббати ва илм излаб ислом оламининг кўплаб марказларига қилган сафарлари ҳақида кенг маълумот берди.

Биз барчамиз у ҳақда ўқиганмиз унинг ҳадислар тўплами бугунги кунгача бутун мусулмон олами учун муҳим манба ва йўл-йўриқ бўлиб хизмат қилмоқда.

Иншааллоҳ, Аллоҳнинг марҳамати билан келгусида оиламни ҳам Ўзбекистонга олиб келмоқчиман.

Мен жуда бой тарих ва бетакрор гўзалликларга эга Ўзбекистонни қалбимда енгил ҳасрат, аммо яна қайтиш умиди билан тарк этмоқдаман.

Менга нафақат меҳмондўстлик кўрсатган, балки ўз билими ва маданиятини мен билан баҳам кўрган барча инсонларга чин қалбимдан “Раҳмат!” дейман.

Малай тилида “Раҳмат” сўзи “Terima kasih” деб айтилади ва у “Севгимизни қабул қилинг” деган маънони англатади. Мен ва Малайзия делегацияси номидан сизларга: “Севгимизни қабул қилинг!” деймиз.

Аллоҳ Ўзбекистон халқига Исломнинг олтин даври меросини асраб-авайлаб, уни бутун дунё билан баҳам кўргани, буюк олимларингизнинг илмий меросини сақлаб келаётгани учун барака ато этсин. Токи биз каби мусулмон ёш авлодлари Ислом цивилизациясининг буюклигини англаб, уни ўрганиш имконига эга бўлсин”.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш