Ўзбекистон кулоллари Германиядаги Халқаро кулолчилик ярмаркасида илк бор иштирок этмоқда
Май 09, 2024. 12:14 • 2 дақ
• 170
БЕРЛИН, 9 май. /"Дунё" АА/. Бавариядаги оммабоп "Merkur.de" онлайн нашрида Диссен Аммерзее шаҳарчасида бўлиб ўтадиган Халқаро кулолчилик ярмаркасида илк бор иштирок этадиган Ўзбекистон ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 9-12 май кунлари Германиянинг Бавария федерал ўлкаси бутун дунё кулолчиларига мезбонлик қилади. 22-маротаба ўтказилаётган Халқаро кулолчилик бозори иштирокчилари яна бир давлатга кўпайди, ушбу халқаро ҳунармандлар тадбирига Ўзбекистоннинг илк бор иштирок этиши кутилмоқда. Сўлим Аммерзее кўли қирғоғида ташкил этиладиган тадбирда эндиликда 14 та мамлакатнинг 166 та кулолчилик устахонаси ташкил этилади.
"Самарқанд кулолчилик мактабларидан бирининг асосчиси Илҳом Бобомуродов ўз асарларини илк бор мазкур кулолчилик бозорига тақдим этиши тадбирнинг катта янгилиги сифатида қаралмоқда. Буюк ипак йўлида жойлашган қадимий Самарқанд маҳаллий масжид ва мадрасаларни безашда қўлланиладиган майолика ва бошқа шарқона услублар билан машҳурдир. Тобора кўпроқ мамлакатлардан ҳунармандларни ўзига жалб этиб бораётган Диссен Аммерзее кулолчилик ярмаркаси яна бир бор санъат ва маданият халқлар ўртасидаги ўзаро тушунишнинг рамзий белгиси эканлигини намоён этади", — дея ярмарка раҳбари Вольфганг Лёше фикрларидан иқтибос келтирган манба.
Мақолада шунингдек, ушбу кулолчилик бозори нафақат таниқли ҳунармандлар учун мулоқот платформаси саналиши, балки мазкур санъат турини эгаллаётган ёш истеъдодларга ўзларини намоён этиши, инновацион ғоялар ва янгича ёндашувлар билан танишиши учун зўр имконият эканлиги таъкидланган.
"Ярмаркага ташриф буюрувчилар кулолчилик техникалари сирлари билан танишиш ҳамда кулоллар билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўладилар. Мазкур Халқаро кулолчилик ярмаркаси турли мамлакатларнинг маданий мероси ҳисобланган кулолчилик санъатининг қадимги анъанавий усулларидан тортиб замонавий талқинларини намоён этиш билан биргаликда маданиятлар ўртасида дўстлик кўпригини қуришга хизмат қилади", — дея хулоса қилади нашр.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
“Asdaa Oman” газетаси: Ўзбекистон иқтисодиёти 7,5 фоизга ошиши кутилмоқда
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг Мисрга ташрифи етакчи ОАВда кенг ёритилди