Logo

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг туризм соҳасидаги ҳамкорлиги Хитой ОАВ диққат марказида

Октябрь 27, 2025. 19:44 • 2 дақ

27
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг туризм соҳасидаги ҳамкорлиги Хитой ОАВ диққат марказида

ПЕКИН, 27 октябрь. /"Дунё" АА/. Хитойнинг оммабоп "Таrget" нашрида "Туризм соҳаси Ўзбекистон ва ЕИ ҳамкорлигида кўприк вазифасини ўтамоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, сўнгги йилларда туризм Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий стратегиясида устувор йўналишлардан бирига айланди. Ушбу сиёсат доирасида мамлакат Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни фаол ривожлантириб, туризм соҳасини иқтисодий ўсиш, маданий алмашинув ва халқаро имижни мустаҳкамлашнинг кучли воситасига айлантирмоқда.

ЕИ билан ҳамкорлик инфратузилма ва рақамли лойиҳалардан тортиб, глобал майдонда туризмни илгари суришгача бўлган кенг кўламли ташаббусларни қамраб олади. 2025 йил апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган биринчи "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" саммити муҳим босқич бўлди. Саммитда стратегик шериклик тўғрисидаги декларация қабул қилинди, унда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ЕИ стандартларини ҳисобга олган ҳолда Марказий Осиё сайёҳлик йўналишларини бирлаштиришга қаратилган "Бир тур – бутун минтақа" ташаббусини тақдим этди. Мақсад – виза тартибларини соддалаштириш, маданий алмашинувни рағбатлантириш ва минтақа бўйлаб саёҳатларни европалик сайёҳлар учун янада арзон ва жозибадор қилиш.

"Ўзбекистоннинг халқаро платформалардаги сайёҳлик имижини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Euronews, BBC, CNN ва National Geographic каби етакчи медиа ресурслар мамлакатни истиқболли йўналиш сифатида тақдим этмоқда, бу эса Европадан сайёҳлар оқимининг ўсишига ёрдам беради", – дея қайд этилган материалда.

Мақола хулосасида, "Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг туризм соҳасидаги ҳамкорлиги шунчаки тажриба алмашинуви эмас, балки реал иқтисодий, маданий ва ижтимоий натижаларни келтирувчи стратегик иттифоқдир. Ҳамкорлик минтақа учун янги имкониятлар очади, халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди ва Марказий Осиёни дунё учун янада очиқ ва жозибадор қилади", – деб урғуланган.  

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш