Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда
Декабрь 14, 2025. 13:37 • 2 дақ
• 209
АЛ-КУВАЙТ, 16 декабрь. /“Дунё” АА/. Кувайтнинг араб тилида чоп этиладиган нуфузли нашрларида шу йил декабрь ойида Элчихона ташаббуси билан ўтказиладиган бизнес-форум ва ўзбек маҳсулотлари кўргазмаси ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Жумладан, “Q8 Press” электрон порталида берилган мақолада Ўзбекистон–Кувайт бизнес форуми ҳамда ушбу тадбир доирасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва инвестиция имкониятларини кенгайтириш масалалари ҳақида сўз юритилган.
Материалда мазкур форум доирасида “Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмаси” ўтказилиши, унда озиқ-овқат саноати, чарм буюмлар, ҳунармандчилик, енгил саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари намойиш этилиши ҳақида тўхталиб ўтилган. Кўргазмада кийим-бош ишлаб чиқариш корхоналари, мис кабеллар, қурилиш материаллари ва кир ювиш воситалари каби бошқа маҳсулотлар тайёрловчи компаниялар иштирок этиши маълум қилинган.
Шунингдек, нашрда шу йил 14–15 декабрь кунлари “Султон Центр” гипермаркетида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари фестивали ҳақида ҳам маълумот берилган. Ушбу фестиваль иштирокчилари музқаймоқлар, турли ширинликлар, пишлоқлар, музлатилган ва қуритилган маҳсулотлардан баҳраманд бўлиши ҳақида тўхталиб ўтилган.
Жорий йил 18–24 декабрь кунлари Мишрефдаги Кувайт халқаро ярмарка майдонида бўлиб ўтадиган “Халқаро олтин ва заргарлик буюмлари кўргазмаси”да “Ўзбекистон павильони” ташкил этилаётгани ва унда 6 та ўзбек компанияси ўз маҳсулотлари билан қатнашиши ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган.
“Al-Rai” кунлик газетасида эълон қилинган мақолада эса Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида фикр-мулоҳаза билдирилган.
Материалда таъкидланишича, туристлар орасида янги сайёҳлик йўналишларини ўрганишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиёдаги тез ривожланаётган ва жозибадор йўналишлардан бирига айланди. Бунга унинг яқинлиги, ривожланган туризм инфратузилмаси ва турли хил саёҳат имкониятлари мавжудлиги сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси Аюбхон Юнусов “Jazeera Airways” авиакомпаниясининг атиги уч соат давом этадиган тўғридан-тўғри рейслари Ўзбекистонни кувайтлик саёҳатчилар учун туризм, тиббий даволаниш ёки инвестиция учун энг осон ва энг қулай масканлардан бирига айлантиришга ҳисса қўшганини таъкидлаган.
Унинг қўшимча қилишича, бу географик яқинлик туризм соҳасидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётганидан дарак беради. Замонавий меҳмонхоналар, маданий фестиваллар ва илғор инфратузилма Ўзбекистонни туристлар учун жозибали мамлакатга айлантирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
“Asdaa Oman” газетаси: Ўзбекистон иқтисодиёти 7,5 фоизга ошиши кутилмоқда