Logo

Қирғизистон ОАВ: Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеяларида илгари сурган ташаббуслар Марказий Осиё учун барқарор кун тартибини шакллантирмоқда

Сентябрь 24, 2025. 12:55 • 2 дақ

35
Қирғизистон ОАВ: Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеяларида илгари сурган ташаббуслар Марказий Осиё учун барқарор кун тартибини шакллантирмоқда

БИШКЕК, 23 сентябрь. /"Дунё" АА/. Қирғизистоннинг "Alliance-press.kg" ахборот-таҳлил агентлиги порталида "Минтақавий ва глобал ташаббуслар – Ўзбекистон дипломатияси: қўшничилик ва Марказий Осиёда интеграция" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурилган ташаббуслар Марказий Осиёни ривожлантиришда алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, мамлакатнинг ташқи сиёсатда қўшнилар билан яқин ҳамкорлик ва интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилган янги йўналишини акс эттиради" – дейилган мақолада.

Шунингдек, нашрда "Ўзбекистон БМТ мақсадлари ва тамойилларига қатъий риоя қилиши ҳамда 2017 йилдан бошлаб, Ўзбекистон БМТ фаолиятининг барча соҳаларида иштирокини фаоллаштиргани таъкидланган.

Маълум қилинганидек, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида тинчликни таъминлаш, халқаро можароларни ҳал этиш, янги глобал ҳарбий тўқнашувларни олдини олиш, мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, глобал ва минтақавий мулоқотни ривожлантириш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жуда муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари сурмоқда.

"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурган минтақавий ва глобал ташаббуслари Марказий Осиё учун барқарор кун тартибини шакллантирмоқда. 2018-2025 йилларда мамлакат ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 13 та резолюция қабул қилинди. Ушбу резолюциялар тинчлик ва хавфсизликдан тортиб экология, инсон ҳуқуқлари ва маданий алоқаларгача кенг қамровли масалаларни ўз ичига олган", – дейилган материалда.

Нашрда, Ўзбекистон Президенти амалга ошираётган янгиланган ташқи сиёсатнинг асосий устувор йўналиши — "тинч ва иқтисодий жиҳатдан фаровон Марказий Осиё" эканлиги алоҳида урғуланган.

"Ўзбекистон минтақадаги қўшни давлатлар ҳамда дунё бўйлаб барча мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларни изчил ривожлантирмоқда. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли ҳозирги кунда минтақа янгича ўзаро тушуниш муҳитига эга бўлиб, долзарб масалаларни конструктив ҳал қилиш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган", – деб ёзган муаллиф.

"Alliance-press.kg"да эълон қилинган мақолада охирида "Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё интеграция жараёнида муҳим роль ўйнамоқда, Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан шериклик ва иттифоқчилик стратегиясини муваффақиятли илгари сурмоқда. Ўзбекистон Президенти ташаббуслари минтақанинг салоҳиятини тўлиқ очиш ва уни ўз халқлари фаровонлиги йўлида самарали қўллаш имкониятини яратди", – дейилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш