Қирғизистон ОАВ Мирзо Улуғбекнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ёзди
Март 30, 2024. 13:21 • 2 дақ
• 164
БИШКЕК, 30 март. /"Дунё" АА/. Қирғизистоннинг "Аlliance-press.kg" ахборот-таҳлил агентлиги Мирзо Улуғбек фаолиятига бағишланган мақолани тарқатди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ўзбекистон тарихи асрлар давомида ўчмас из қолдирган буюк мутафаккир ва алломалар номларига жуда бой, – дейилади мақолада. – Улар турли даврларда яшаган, аммо мазкур алломалар қолдирган бой мерос жаҳон фани ва маданияти ривожига бирдек хизмат қилган".
Қайд этилганидек, қомусий олимлар галактикаси орасида жаҳон илм-фани ва инсоният цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган астроном, математик, тарихчи, мусиқа, шеърият билимдони, давлат арбоби Мирзо Улуғбек алоҳида ўрин тутади.
"Мирзо Улуғбек 1394 йил 22 мартда Амир Темурнинг Ироқ ва Озарбайжонга қилган навбатдаги юриши чоғида Султония (Эрон- Озарбайжон) шаҳрида туғилган. У Шоҳруҳнинг тўнғич ўғли ва ота томондан Амир Темурнинг, она томондан эса нуфузли қипчоқ амири Ғиёс ад-Дин Тархоннинг набираси эди", – деб ёзган муаллиф.
Мирзо Улуғбек ҳукмронлик йилларида мамлакатни илм-фан марказига айлантиришга катта эътибор қаратди. Унинг ташаббуси билан мадрасалар қурилди. Хусусан, 1417 йилда Бухорода, 1420 йилда Самарқандда, 1433 йилда Ғиждувонда мадрасалар қад ростлади. Уларда диний билимлар билан бир қаторда математика, геометрия, астрономия, тиббиёт ва бошқа фанлар чуқур ўргатилган. Ушбу тарихий обидалар бугунги кунгача сақланиб қолинган.
Нашрда қайд этилганидек, Мирзо Улуғбек томонидан қурилган энг илғор таълим муассасаси Самарқанд шаҳридаги машҳур Регистон майдонида жойлашган мадраса саналади. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бу ўрта асрлардаги энг яхши монументал иншоотлардан биридир.
Материалда, шунингдек, астрономик кузатишлар олиб бориш учун Мирзо Улуғбек Самарқандда расадхона қурдиргани ҳақидаги маълумотлар муштарийлар эътиборига тақдим қилинган.
Мақола якунида, "Буюк астроном Улуғбек раҳбарлиги ва иштирокида расадхонанинг асосий иши "Зиджий Кўрағоний", "Улуғбекнинг юлдузлар жадвали" тузилган. Унда Самарқанд обсерваториясидан 1018 та юлдуз жойлашуви ақл бовар қилмас аниқликда, Гиппархдан сўнг илк бор белгиланган. Астрономик туркум яратилиши жаҳон астрономия фани хазинасига қўшилган улкан ҳисса ҳисобланади", – дея таъкидлаган "Аlliance-press.kg".
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлик муносабатлари Покистон ОАВ диққат марказида