"Diplomatic watch": Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасида етакчи ва ташаббускор давлат сифатидаги нуфузини мустаҳкамлади
Сентябрь 24, 2025. 11:52 • 2 дақ
• 24
ВАШИНГТОН, 24 сентябрь. /"Дунё" АА/. АҚШнинг "Diplomatic watch" электрон нашрида "Аҳоли, гендер тенглик, аёллар ҳуқуқлари ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича БМТ билан ҳамкорлик" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда маълум қилинганидек, 2024 йил 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида "Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув" мавзусида Осиё хотин-қизлар форуми юқори савияда ташкил этилди.
Тадбирда Осиё минтақасининг 30 дан ортиқ мамлакати вакиллари, БМТ, ЕХҲТ, ФАО ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари, соҳа экспертлари ва фаол аёллар иштирок этди.
"Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида илгари сурган муҳим ташаббуси – Осиё хотин-қизлар форуми ўтказиш таклифи аёллар масаласига нафақат миллий, балки минтақавий даражада ҳам ёндашувни мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасида етакчи ва ташаббускор давлат сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлади", – дейилган мақолада.
Материалда таъкидланганидек, Ўзбекистонда аҳоли турмуш сифати, ижтимоий барқарорлик ва барча фуқаролар, хусусан, аёллар учун тенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада халқаро ҳамкорлик, айниқса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) билан ўрнатилган узлуксиз ва самарали алоқалар алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистонда Гендер тенглигини таъминлаш бўйича бугунги кунгача 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида", шунингдек, "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар миллий қонунчилик базасини мустаҳкамлаб, ҳуқуқий кафолатларни аниқ белгилаб берди.
"Бундан ташқари, БМТ тузилмалари билан ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон амалиёти учун замонавий механизмлар – гендер экспертизаси ва миллий бюджетда гендер аудитига халқаро тажрибага асосланган ёндашувлар жорий қилинмоқда. Бу эса давлат сиёсатининг барча босқичларида гендер масалаларининг инобатга олинишини кафолатлайди", – дейилган нашрда.
Мақола якунида "Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда БМТ ўртасидаги узлуксиз ҳамкорлик мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро мезонлар билан уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда. Бу ҳамкорлик Ўзбекистон хотин-қизларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни ҳаётнинг турли жабҳаларида фаол иштирокчисига айлантириш ҳамда демографик имкониятларни кенг миқёсда рўёбга чиқариш учун муҳим механизм бўлиб хизмат қилмоқда", – деб ёзилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда