Logo

"Nayrouz": 2016 йилдан бошланган очиқлик ва ўзаро қўшничилик сиёсати Ўзбекистон ташқи муносабатларида янги босқични бошлади

Ноябрь 04, 2025. 16:16 • 2 дақ

37
"Nayrouz": 2016 йилдан бошланган очиқлик ва ўзаро қўшничилик сиёсати Ўзбекистон ташқи муносабатларида янги босқични бошлади

АММОН, 4 ноябрь. /"Дунё" АА/. Иорданиянинг нуфузли "Nayrouz" нашрида "БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларида Ўзбекистоннинг тутган роли" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, 2025 йилда БМТ ташкил этилганига 80 йил тўлди. Ушбу тарихий сана халқаро тизимдаги янгиланиш ва ҳамкорликни кучайтириш даврига тўғри келмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон БМТдаги фаол иштироки орқали ўзининг янги халқаро мақомини мустаҳкамламоқда.

Ўзбекистон 1992 йилда БМТга аъзо бўлган. Ўтган давр мобайнида мустақил давлатдан минтақавий ташаббусларни илгари сурган ишончли ҳамкорга айланди. Бугун мамлакатда БМТнинг 25 та ваколатхонаси фаолият юритиб, 175 миллион доллардан ортиқ қийматдаги 160 дан зиёд лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар таълим, соғлиқни сақлаш, гендер тенглиги, барқарор ривожланиш ва рақамли иқтисодиёт каби соҳаларини қамраб олади.

"2016 йилдан бошланган очиқлик ва ўзаро қўшничилик сиёсати Ўзбекистон ташқи муносабатларида янги босқични бошлади. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида Марказий Осиёда "Самарқанд руҳи" концепцияси шаклланди ва минтақавий ҳамкорликнинг янги модели яратилди. Ўзбекистон ташаббуслари БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюциясида акс этди ҳамда улар барқарор туризм, экологик инновациялар, транспорт ва сув ресурслари каби муҳим соҳаларни қамраб олди", – дейилади материалда.

"Nayrouz" нашрида БМТнинг 80 йиллик сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган. Хусусан, Ш.Мирзиёевнинг Марказий Осиёни барқарорлик ва ҳамкорлик минтақасига айлантириш стратегиясини илгари сургани, "яшил" технологиялар бўйича минтақавий дастур яратиш, сув тежамкорлиги бўйича жаҳон форумини ўтказиш, Афғонистон орқали халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш каби билдирган таклифлари ҳақида сўз юритилган.

Шу билан бирга, манбада Ўзбекистон БМТнинг EKOSOS, Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ва Статистика комиссияси аъзоси сифатида фаол иштирок этаётгани таъкидланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш