"The Economic Times": Ўзбекистон иқтисодиёти изчил суръатлар билан ўсиб, Ҳиндистон учун янги имкониятлар очмоқда
Октябрь 31, 2025. 15:31 • 2 дақ
• 61
ДЕҲЛИ, 31 октябрь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистоннинг "The Economic Times" газетаси Ўзбекистон иқтисодиётининг жадал ривожланишига юқори баҳо бериб, ҳиндистонлик инвесторлар учун очилаётган янги имкониятлар ҳақида мақола чоп этди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашр халқаро шарҳловчиси Дипанджан Чаудҳури Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилнинг январь-сентябрь ойлари якунлари бўйича 7,6% га ўсгани ҳамда бу прогноз кўрсаткичларидан сезиларли даражада юқори бўлгани ҳақида ёзган. Ўсиш драйверлари сифатида қурилиш (+14,2%), хизмат кўрсатиш (+14%), саноат ишлаб чиқариши (+6,8%) ва қишлоқ хўжалиги (+4,1%) соҳалари қайд этилган.
Олтин-валюта захиралари 35% га ошиб, $55 миллиардга етгани таъкидланган. Муаллиф буни етакчи халқаро рейтинг агентликлари (Fitch, Moody's, S&P Global) томонидан мамлакатимиз суверен рейтинги бўйича прогнознинг оширилгани ёки яхшилангани билан изоҳлаган.
Нашр иқтисодий фаровонликнинг ижтимоий йўналтирилганлигига эътибор қаратган. Хусусан, аҳоли даромадларининг 18,4% га, ўртача ойлик иш ҳақининг 19,2% га ва депозитларнинг 35,3% га ўсганини эътироф этган. Бу аҳоли ва бизнеснинг ишончини мустаҳкамлашдаги асосий омил сифатида баҳоланган.
Мақолада Ўзбекистон раҳбариятининг 2025 йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотни $135 миллиарддан ошириш ва 2026 йилда уни $150 миллиардга етказиш бўйича юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолишга қаратилган режалари ёритилган.
Материалда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан яқин истиқболга белгилаб берилган қуйидаги асосий вазифалар алоҳида урғуланган: барча тармоқларда самарадорликни ошириш ва харажатларни камайтириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, стратегик тармоқлар рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш устидан қатъий назорат юритиш, норасмий иқтисодиёт улушини камайтириш, халқаро молия институтлари билан лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ва бошқалар.
Мақоланинг асосий ғояси шундан иборатки, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва ҳаётга тадбиқ этилаётган изчил ислоҳотлар иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва Ҳиндистон инвестицияларини жалб қилиш учун қулай замин яратмоқда.
Нуфузли халқаро нашрдаги мазкур мақола Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар курсининг муваффақиятли эканини тасдиқлаган. У нафақат мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ижобий имижини акс эттирган, балки халқаро, хусусан, Ҳиндистон ишбилармон доиралари вакиллари учун республиканинг ўсиб бораётган иқтисодиётига сармоя киритиш борасида яратилаётган янги имкониятлар ҳақида тўғридан-тўғри урғу бўлиб хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда