"Сада ал-Балад" АА: Ўзбекистон – АҚШ олий таълим ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда
Ноябрь 12, 2025. 20:46 • 2 дақ
• 20
ҚОҲИРА, 12 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мисрнинг машҳур "Сада ал-Балад" ахборот агентлигида Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповнинг "Ўзбекистон–АҚШ олий таълим ҳамкорлигида янги босқич: C5+1 формати имкониятлари ва истиқболлари" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Мақолада муаллиф Ўзбекистоннинг АҚШ билан ҳамкорлигини кенг қамровда таҳлил қилиб, ушбу шериклик алоқалари миллий таълим тизими, илмий салоҳият ва бой маданий меросни жаҳон интеллектуал маконига интеграция қилишда асосий элемент бўлаётганини таъкидлаган. Бу жараёнда ҳамкорлик, айниқса, олий таълим, фан ва инновациялар соҳаларида, янги босқичга кўтарилмоқда.
Шунингдек, Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги С5+1 формати минтақавий ҳамкорлик учун янги имкониятларни очиб бермоқда. Ушбу формат доирасида Ўзбекистоннинг Америка олийгоҳлари билан ўзаро ҳамкорлиги нафақат таълим соҳаси, балки фан, технология ва инновациялар соҳасида ҳам амалий самара бера бошлади.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг илк йўналишларидан бири – инглиз тилини чуқур ўргатиш ва замонавий педагогик тажрибани жорий этишдир. Ҳар йили АҚШ университетларидан ўнлаб тажрибали ўқитувчилар мамлакатимиз олийгоҳларига ташриф буюриб, "Fulbright", "English Language Fellows Program", "English Teaching Assistants" каби дастурлар орқали маҳаллий мутахассислар билан биргаликда фаолият юритмоқда.
Яна мақолада айтилишича, АҚШ давлат департаменти қўллаб-қувватлаётган "ACCESS" дастури доирасида Ўзбекистонда кам таъминланган оилалар фарзандларига инглиз тилини икки йиллик чуқур ўргатиш имконияти яратилган. Ҳозирги вақтда ушбу марказлар 11 та университет қошида самарали ишламоқда. Дастур учун ҳар бир марказга 30–50 минг доллар атрофида грант ажратилади, бу маблағлар ўқув қўлланмалар, ўқитувчи маоши, ўқувчилар учун интерактив экскурсиялар ва бошқа харажатларга йўналтирилади.
АҚШ элчихонаси қошидаги "EducationUSA" дастури Ўзбекистон ёшларига Америка олийгоҳларида таълим олиш, грант ва стипендия дастурларига қатнашиш имкониятларини очиб бермоқда. Элчихона ходимлари мамлакатимиз университетларига ташриф буюриб, талабалар учун амалий семинарлар ўтказмоқда.
"Бугун мамлакатимизда 40 дан зиёд олий таълим муассасаси 25 дан ортиқ америкалик университетлар ва илмий марказлар билан меморандум асосида ишламоқда. Улар доирасида профессорлар малакасини ошириш курслари, илмий тадқиқотлар, қўшма конференциялар ва тажриба алмашинуви йўлга қўйилган. Ўзбекистон–АҚШ олий таълим ҳамкорлиги, айниқса С5+1 формати доирасидаги ташаббуслар, келгусида янги босқичга кўтарилиши табиий. Бу – икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ишончни мустаҳкамлайдиган, ёшлар салоҳиятини очиб берадиган ва инновацион ривожланишни жадаллаштирадиган йўналишдир", дея хулоса қилган мақола муаллифи.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда