Logo

14 июндан бошлаб Тошкент-Исломобод йўналишида тўғридан-тўғри авиапарвозлар йўлга қўйилади

Июнь 08, 2025. 08:08 • 2 дақ

74
14 июндан бошлаб Тошкент-Исломобод йўналишида тўғридан-тўғри авиапарвозлар йўлга қўйилади

ИСЛОМОБОД, 8 июнь. /"Дунё" АА/. Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларида "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси томонидан шу йилнинг 14 июнь санасидан бошлаб Тошкент-Исломобод йўналишида йўлга қўйиладиган тўғридан-тўғри авиапарвозларга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, мазкур мамлакатнинг "Associated Press of Pakistan – APP" марказий ахборот агентлиги, "Independent news Pakistan – iNP" ахборот агентлиги, "Pakistan in the World" журнали, "DAWN" марказий нашри, "Islamabad Post", "Daily Ittehad" ва "The Khyber Mail" газеталари, "Political Diplomacy", "Pakistan State Time", "News Guru", "The World Ambassador", "The Gulf Observer", "The Europe Today" ва "World News" онлайн платформаларида ҳар ҳафтанинг шанба куни амалга ошириладиган ушбу авиақатновлар икки мамлакат ўртасидаги узоқ йиллик дўстона муносабатларнинг мустаҳкамланиши ва барча соҳадаги кўп қиррали ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилиши қайд этилган.

"Тошкент-Исломобод йўналишидаги ҳаво қатнови 2021 йилда Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлиги ташаббусининг амалий натижаси бўлиб, у минтақада барқарор тараққиёт, ўзаро ҳамжиҳатлик ва тинчликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади", – деб ёзади Покистон ОАВ.

Материалларда ушбу ҳаво қатнови Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлиги ташаббуси доирасидаги муҳим лойиҳа сифатида эътироф этилган ва икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий, савдо, маданий ва таълим соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштиришга замин яратиши алоҳида урғуланган.

Шунингдек, нашрларда "Uzbekistan Airways"нинг Лаҳор йўналишида ҳафтасига икки марта мунтазам амалга оширилаётган рейслари ҳақида ҳам ҳам таъкидланган. "Авиакомпаниянинг янги Исломобод йўналиши Покистонга парвозлар географиясини кенгайтираётгани, Жанубий Осиё минтақавий авиабозорига жадал кириб келиш борасидаги навбатдаги ижобий қадамидир. Мазкур парвозлар икки давлат ўртасидаги ишбилармонлар, тадбиркорлар ва туристлар учун қулайлик яратади, трансҳудудий савдо ва транспорт тизимларини ривожлантиришга ёрдам беради, шунингдек, талабалар, зиёратчилар ва ўзаро делегациялар билан алмашиш учун ҳам муҳим транспорт воситасига айланади ва энг муҳими маданий алмашинув соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштиради", – дея урғуланган материалларда.

Шунингдек, мақолаларда, Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг туризм жозибадорлиги ва Покистоннинг тарихий ва табиий манзаралари ҳақидаги маълумотлар ўқувчилар эътиборига тақдим этилган.

Покистон ОАВ томонидан эълон қилинган мақолалар, "Тошкент-Исломобод йўналишида йўлга қўйиладиган ҳаво қатновлари халқларимиз ўртасидаги маданий ва туристик яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади ҳамда ўзаро ташрифларни осонлаштиради", – деган сўзлар билан якунланган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш