"Al Harir": Ўзбекистон–Қатар ҳамкорлиги барқарор ривожланмоқда
Ноябрь 04, 2025. 12:18 • 2 дақ
• 41
АР-РИЁЗ, 4 ноябрь. /"Дунё" АА/. Саудия Арабистонининг машҳур "Al Harir" нашрида "Ўзбекистон–Қатар: кўп қиррали ҳамкорлик барқарор ривожланмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги муносабатлар жадал кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2024 йилда икки давлат ўртасидаги алоқалар стратегик шериклик мақомига кўтарилди. Бундай фаол мулоқотнинг ривожланиши муносабатларни ҳар жиҳатдан кенгайтиришга замин яратмоқда.
"Ўзбекистон ва Қатар Марказий Осиёни Кўрфаз араб мамлакатлари билан боғловчи энг қисқа, ишончли ва хавфсиз транспорт-логистика йўлакларини шакллантиришдан манфаатдор, – дейилган манбада. – Шу билан бирга, икки давлатнинг тарихи, маданияти ва диний муштараклиги, бой маънавий мероси маданиятлараро мулоқотни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда".
"Al Harir" нашрида қайт этилишича, Қатар Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод қилган буюк мутафаккир ва олимларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини, Арабистон ярим ороли ва Мовароуннаҳр ўртасидаги тарихий алоқаларни юксак қадрлайди. Ушбу жиҳатлар маданиятлараро мулоқотни янада ривожлантириб, сайёҳлик, жумладан, зиёрат туризми соҳасида кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
2021 йилдан Қатар фуқароларининг Ўзбекистонга кириши учун 10 кунлик визасиз режим жорий этилди, 2023 йилда эса бу муддат 30 кунгача узайтирилди. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизга ишбилармонлик ва туризм мақсадларида ташриф буюрувчилар сонинг бир неча баробар ортишига замин яратмоқда.
Нашрда икки давлат ўртасидаги ҳаво транспорти йўналишида олиб бораётган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилган. Жумладан, икки томонлама имзоланган келишувга биноан 2024 йилдан "Qatar airways" авиакомпанияси Доҳа–Тошкент–Доҳа йўналишида тўғридан-тўғри қатновларни йўлга қўйди. Бугунги кунда авиакомпания мазкур йўналишда ҳафтасига 4 маротаба қатновларни амалга оширмоқда.
Мазкур битим нафақат пойтахтлар балки республиканинг бошқа ҳудудлари билан ҳам тўғридан-тўғри қатновларни амалга оширишни назарда тутади. Келгусида "Qatar airways" авиакомпанияси йўловчилар талаб ва истакларидан келиб чиқиб, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби туристик манзилларга ҳам рейсларни йўлга қўйишни режалаштирган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қатар ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатнови тўғрисида 2021 йилда имзоланган битимга мувофиқ "My Freighter" (Centrum Air) авиакомпанияси Тошкент–Доҳа–Тошкент йўналишида мунтазам ҳаво қатновларини ташкил этмоқда.
Мақола хулоса қисмида Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тобора ортиб бораётгани таъкидланган. Бу эса, шубҳасиз, ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантириш учун икки томонлама муносабатлар пойдеворини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда