"Berliner Zeitung": Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида Марказий Осиё учун кўприк бўлган муҳим янги стратегик шериклик битими имзоланди
Октябрь 27, 2025. 11:19 • 3 дақ
• 56
БЕРЛИН, 29 октябрь. /"Дунё" АА/. Германиянинг етакчи "Berliner Zeitung" газетаси онлайн нашрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга расмий ташрифи якунлари ва Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг аҳамияти ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, давлатимиз раҳбарининг Бельгияга расмий ташрифи ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда муҳим тарихий босқични бошлаб берди.
"Брюссель шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен иштирокида Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзолаш маросими бўлиб ўтди.Мазкур битим мамлакатлар ўртасидаги барча соҳалардаги ҳамкорлик учун кенг қамровли ҳуқуқий асос яратади", –дейилган нашрда.
Қайд этилишича, расмий Брюссель ва Тошкент ўртасида имзоланган янги битим савдо ва инвестиция алоқаларини янада мустаҳкамлашга, шунингдек, Марказий Осиё ва Европа давлатлари ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Ушбу муҳим тарихий ҳужжат 9та бўлим, 356та модда ва 14та иловадан иборат бўлиб, икки томонлама муносабатларнинг деярли барча жабҳаларини қамраб олган. Унга кўра, савдо ва инвестициялар, барқарор ривожланиш, фан ва таълим, инновациялар ҳамда атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши соҳаларида яқиндан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган. Битим бўйича музокаралар жараёни уч йилдан ортиқ давом этди. 1996 йилда ЕИ билан Шериклик ва ҳамкорлик битими имзоланган эди, – дея эслатиб ўтади муаллиф Николас Бутилин мақоласида.
Шунингдек, мақолада ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида янги Битим имзоланганидан кўп ўтмай Президент Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен билан учрашгани алоҳида урғуланган.
Нашрда расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти "Linde", "SUEZ", "Commerzbank" ва "European Investment Bank" каби бир қатор Европанинг йирик компаниялари ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказгани ҳақида маълумот берилган. Ушбу учрашувлар иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва Ўзбекистонни Марказий Осиёда ишончли Европа Иттифоқи ҳамкори сифатида намоён этишга хизмат қилди.
"Мазкур битимнинг имзоланиши ЕИнинг Марказий Осиёдаги фаоллиги ошган бир пайтда амалга оширилганини қайд этиш лозим. Жорий йил баҳорида Самарқандда бўлиб ўтган "Марказий Осиё-Европа Иттифоқи" биринчи саммитида минтақанинг стратегик аҳамияти яна бир бор таъкидланиб, узвий сиёсий ва иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш учун икки томонлама пойдевор яратилган эди. Айни пайтда барқарор энергия, инфратузилма лойиҳалари, транспорт йўлаклари, хом ашё ресурслари ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда", – дея урғуланган нашрда.
"Berliner Zeitung" газетаси мақоласи якунида, "Расмий Тошкент билан тузилган янги битим Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақаси, жумладан Ўзбекистон билан узоқ муддатли алоқаларни мустаҳкамлаш стратегиясининг бир қисмидир. Битимни имзолаш орқали Европа Иттифоқи Ўзбекистон ва Марказий Осиё билан муносабатларини стратегик жиҳатдан мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам ташлади", – деб ёзилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
“OIC Journal”: Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги ҳар бир тошда узоқ тарих мужассам
“The Financial Times”: Ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар жаҳон шахмат майдонини забт этмоқда
Кувайт ОАВ: Ўзбекистон туристлар учун жозибали мамлакатга айланмоқда