Logo

"London Post": Самарқандда ЮНЕСКО сессиясининг ўтказилиши Ўзбекистоннинг жаҳон маданияти ва таълими ривожига қўшган ҳиссасига берилган муносиб баҳо

Октябрь 27, 2025. 18:50 • 2 дақ

73
"London Post": Самарқандда ЮНЕСКО сессиясининг ўтказилиши Ўзбекистоннинг жаҳон маданияти ва таълими ривожига қўшган ҳиссасига берилган муносиб баҳо

ЛОНДОН, 29 октябрь. /"Дунё" АА/. Буюк Британиянинг "London Post" нашрида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистон билан муносабатлари ва мазкур ташкилотнинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган 43-сессияси ҳақида маъқола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги муносабатлар, ҳамкорликнинг янги босқичи ва 2025 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган 43-сессия ҳақида сўз юритилган.

"ЮНЕСКО – бу билим, фан ва маданият орқали дунё халқларини бирлаштиришга интилувчи нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади. Унинг асосий мақсади – таълим тизимларини ривожлантириш, маданий меросни муҳофаза қилиш ва жаҳонда тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлашдир", –дейилган манбада.

1945 йилда таъсис этилган ушбу ташкилотга Ўзбекистон 1993 йилда аъзо бўлган. 1996 йилдан буён эса Тошкентда ЮНЕСКОнинг ваколатхонаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг еттита объекти ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Улар қаторида Хивадаги Ичан-Қалъа мажмуаси, Бухоро ва Шаҳрисабзнинг тарихий марказлари, Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси ва бошқалар бор.

"ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига ўзбек халқининг 16 та анъанавий маданий унсури киритилган, уларнинг 11 таси 2016 йилдан кейин қўшилган. Улар орасида Шашмақом, Бойсун маданий макони, Аския санъати, Лазги, Бахшичилик санъати, анъанавий ипак ишлаб чиқариш сингари борлиги таъкидланган. Ҳозирги вақтда ЮНЕСКОга киритиш учун "Каштачилик санъати", "Анъанавий кийиз ясаш", "Ўзбек кураши" сингари янги элементлар тақдим этилган", – деб ёзган муаллиф.

Нашрда Ўзбекистон 2022 йилда илк бор ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Хукуматлараро қўмитаси аъзолигига сайлангани ҳам катта ютуқ сифатида қайд этилган.

Шунингдек, нашрда таъкидланишича, ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Ўзбекистонда қатор муҳим маданий ва илм-фан тадбирлари ташкил этилган. Жумладан, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Амир Темур ва бошқа улуғ аждодларимизнинг юбилейлари, Хива, Бухоро, Термиз шаҳарларинниг 2500 йиллик тантаналари кенг нишонланган. "Шарқ тароналари", "Маком санъати", "Бахшичилик санъати" ва ҳунармандчилик фестиваллари ўтказилаётгани ҳам маданий ҳамкорликнинг ёрқин намунаси ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг 10 та халқаро конвенциясига қўшилган. 2023 йилда яна бир муҳим воқеа рўй берди — ЮНЕСКО – Ўзбекистон номидаги Абу Райҳон Беруний халқаро мукофоти таъсис этилди. У сунъий интеллект соҳасида этика орқали илмий мулоқотни рағбатлантиришга қаратилган бўлиб, ЮНЕСКО билан ҳамкорликда тақдим этилади.

"Самарқандда ЮНЕСКО сессиясининг ўтказилиши Ўзбекистоннинг жаҳон маданияти ва таълими ривожига қўшган ҳиссасига берилган муносиб эътироф бўлиб, мамлакатимиз яна бир бор дунё илм-фан ва маданият марказларидан бири эканини исботлайди", – дейилган мақола охирида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш