Абделилла Бенарафа: Ислом цивилизацияси марказида АЙСЕСКОнинг минтақавий офиси очилганидан жуда мамнунмиз
Апрель 07, 2026. 17:29 • 2 дақ
• 112
РАБАТ, 7 апрель. /“Дунё” АА/. Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказининг тантанали очилиши муносабати билан Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (АЙСЕСКО) бош директори ўринбосари Абделилла Бенарафа ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Муборак Рамазон ойининг сўнгги кунларида очилган Ислом цивилизацияси марказининг иш бошлагани муносабати билан АЙСЕСКО номидан Ўзбекистон халқи ва Президентини самимий муборакбод этаман.
Ушбу марказ Ислом цивилизациясидаги буюк ёдгорликлардан бири бўлиб, дунёдаги энг йирик марказлардан ҳисобланади. Унинг айнан Рамазон ойининг сўнгги кунларида очилиши муҳим аҳамиятга эга.
Ислом цивилизацияси марказида АЙСЕСКОнинг минтақавий офиси очилганидан жуда мамнунмиз. Шу ўрнида ташкилотимиз Самарқандни 2025 йил учун Ислом дунёси маданияти пойтахти деб эълон қилгани, бундан аввал эса Тошкент ва Бухоро ҳам ушбу мақомга эга бўлганини алоҳида эътироф этади.
Ташкилотимиз Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда Имом ал-Бухорий ва унинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарига бағишланган халқаро конференцияни ташкил этишни режалаштирмоқда. Анжуман жорий йил июнь ойининг бошида бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Марказда жуда муҳим қўлёзма – Усмон мусҳафи ҳам сақланади. Ушбу муқаддас китоб марказидаги улкан гумбаз остида намойиш этилган. Баландлиги тахминан 65–66 метр бўлган бу гумбаз Ихлос сурасидаги ҳарфлар сонини ифодалайди.
Ўзбекистон ва Президент Шавкат Мирзиёевни ушбу муҳим марказ очилиши билан яна бир бор табриклаймиз. Умид қиламизки, марказдаги АЙСЕСКО офиси доимий фаолият кўрсатиб, турли конференциялар, семинарлар ва кўргазмаларга мезбонлик қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси