Миср ОАВ: Ўзбекистон ташаббуслари жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда
Август 25, 2026. 19:55 • 2 дақ
• 322ҚОҲИРА, 25 август. /“Дунё” АА/. Мисрнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг минтақавий хавфсизлик, сув дипломатияси, саноат-технологик ва ёшлар сиёсати йўналишидаги стратегик ташаббусларига бағишланган таҳлилий мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Al-diplomasy” нашрида Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири ўринбосари Зокир Ишбулатовнинг Марказий Осиёнинг эҳтимолий ресурс низоларидан барқарор ҳамкорлик маконига ўтишига бағишланган таҳлилий мақоласи чоп этилди.
Мақолада давлатнинг ишончлилиги мамлакат ичидаги ресурсларни самарали бошқаришдан бошланишини назарда тутувчи “Икки томонлама сув хавфсизлиги” концепцияси алоҳида таъкидланади. Муаллиф узоқ муддатли минтақавий барқарорликни таъминлашда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳамда “Сув–Энергия–Озиқ-овқат” (WEF Nexus) концепцияси аҳамиятига эътибор қаратган.
“Sada Elbalad English” нашрида Барқарор ривожланиш маркази вакили Жаҳонгир Исаевнинг мақоласи эълон қилинди. Материалда Ўзбекистон–Ҳиндистон стратегик шериклигининг кенгаяётганига алоҳида эътибор қаратилган.
Қайд этилишича, икки томонлама савдо айланмаси ҳажми 1,5 миллиард АҚШ долларидан ошган ва томонлар яқин уч йилда бу кўрсаткични икки баробарга оширишни мақсад қилган. Кам учрайдиган ва нодир ер ресурслари, фармацевтика, рақамли иқтисодиёт ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида урғу берилган.
“Eldameer” нашрида 2026 йил 4–6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг 12-Бутунжаҳон конференциясига бағишланган мақола ёритилган.
Муаллифнинг қайд этишича, ушбу форум ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, рақамли трансформация ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масалаларини муҳокама қилиш учун 183 мамлакатдан 300 нафарга яқин делегатни ҳамда халқаро ташкилотлар вакилларини бир жойга тўплайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

