“CAWA Media” АА: Ўзбекистон келгуси ўн йиллик тараққиёти учун аниқ устувор йўналишларни белгилаб олди

Сентябрь 03, 2026. 22:00 • 2 дақ

116
“CAWA Media” АА: Ўзбекистон келгуси ўн йиллик тараққиёти учун аниқ устувор йўналишларни белгилаб олди

СТОКГОЛЬМ, 3 сентябрь. /“Дунё” АА/. Швециянинг “CAWA Media” ахборот агентлигида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат тараққиётининг келгуси босқичига бағишланган нутқи ҳақида ахборот мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Материалда сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, қўшни давлатлар билан алоқалар, молия, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатидаги ижобий ўзгаришлар алоҳида эътироф этилган. Нашр инвестициялар ҳажми сезиларли даражада ошгани, камбағаллик даражаси сўнгги 9 йилда 35 фоиздан 4 фоизга тушгани, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилганига эътибор қаратган.

Шунингдек ўқинг

“CAWA Media” Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган еттита миллий дастурни мамлакатнинг келгуси ўн йиллик тараққиёти учун муҳим “йўл харитаси” сифатида баҳолаган. Ушбу дастурларда билим ва касбий кўникмаларни ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни юқори технологияларга асосланган моделга ўтказиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, суд мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, маҳаллалар ролини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаш каби устувор вазифалар белгилангани айтиб ўтилган.

Мақолада Ўзбекистон ташқи сиёсатда мувозанатли йўналишни давом эттириши, иқтисодий дипломатия устувор аҳамият касб этиши ва мамлакатнинг 2027–2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилиши алоҳида қайд этилган. Швеция нашрининг хулоса қилишича, Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёт босқичида асосий эътибор иқтисодий ўсиш сифати, инсон капитали, замонавий технологиялар, самарали институтлар ва экологик барқарорликка қаратилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш