“Petra” АА: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази минтақа меросини ўрганишга хизмат қилмоқда
Июнь 23, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 81
АММОН, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Иорданиянинг “Petra” ААда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Қайд этилишича, марказ фаолияти ислом цивилизацияси тарихини ўрганиш ва оммалаштириш, қўлёзма меросни асраш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида жойлашган марказ 2017 йилда илгари сурилган ташаббус асосида ташкил этилган бўлиб, унинг расмий очилиш маросими 2025 йил март ойида бўлиб ўтган.
Мажмуа таркибидан музей, кўргазма заллари, кутубхона, қўлёзмаларни қайта тиклаш ва рақамлаштириш лабораториялари, шунингдек, илмий-таълим бўлинмалари ўрин олган. Айниқса, Халифа Усмон ибн Аффонга нисбат бериладиган Қуръон қўлёзмаси намойиш этилаётган Муқаддас Қуръон зали алоҳида аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, марказ Мовароуннаҳр уламолари меросини асраш ва ўрганиш ишларини олиб боради. Замонавий мультимедиа технологиялари эса ташриф буюрувчиларга минтақа тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш имконини беради.
Марказ нафақат тарихий меросни асраш, балки бағрикенглик, тинч-тотувлик, маданиятлараро ва динлараро мулоқот каби умуминсоний қадриятларни тарғиб қилишга ҳам хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси