Logo

Мисрлик журналист Хива шаҳрининг бой тарихий ва маданий мероси ҳақида ҳужжатли фильм суратга олди

Июль 28, 2025. 18:25 • 2 дақ

69
Мисрлик журналист Хива шаҳрининг бой тарихий ва маданий мероси ҳақида ҳужжатли фильм суратга олди

ҚОҲИРА, 28 июль. /"Дунё" АА/. Мисрлик таниқли журналист Аҳмад Қандил ижодий сафар билан Ўзбекистонда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унинг юртимизга сафари араб дунёсига Марказий Осиёнинг бой меросини, хусусан, ислом цивилизацияси марказларидан бири бўлган Ўзбекистон салоҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган ижодий миссиянинг бир қисми бўлди.

Турли мамлакатларнинг маданияти, тарихи ва анъаналарига оид туркум телерепортажлари ва фильмлари билан танилган Аҳмад Қандил сафар давомида қадимий Хива шаҳрининг бой маданий ва тарихий мероси, миллий анъаналари ҳақида ҳужжатли фильм суратга олди.

Фильмда Хиванинг нафақат меъморий ёдгорликлари, балки шаҳар руҳи, унинг ўзига хос муҳити, анъаналари ва ўзбек халқига хос бўлган меҳмондўстлик тасвирланган. Мисрлик томошабинлар эътиборига Хиванинг маънавий мероси, хусусан бу заминдан етишиб чиққан ва дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк олиму уламолар қолдирган мерос ҳақидаги маълумотлар тақдим этилади.

Мазкур ҳужжатли фильм Мисрнинг машҳур "Nile TV" ва "Al Mehwar TV" телеканаллари, шунингдек, оммабоп медиа платформалар ва ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этилди. Эътиборлиси, ушбу фильмни кўрган минглаб томошабинлар ўз изоҳларида Ўзбекистон тарихи ва маънавий меросидан ҳайратда қолганларини ҳамда юртимизга саёҳат қилиш режалари ҳақида ёзиб қолдирган.

Таъкидлаш жоизки, Аҳмад Қандилнинг юртимизга бўлиб ўтган сафари шунчаки журналистик медиа-тур эмас, балки икки буюк цивилизация бешиги – Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий кўприкни янада мустаҳкамлашга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш