Logo

"Feeling" журнали: Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида афсонавий Буюк ипак йўли муҳитини ҳис қилиш мумкин

Июнь 02, 2025. 02:39 • 2 дақ

58
"Feeling" журнали: Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида афсонавий Буюк ипак йўли муҳитини ҳис қилиш мумкин

БРЮССЕЛЬ, 2 июнь. /"Дунё" АА/. Бельгиянинг оммабоп "Feeling" журналида бренд-менежер ва шарҳловчи Марго Вандамнинг Ўзбекистонга сафари асосида тайёрланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда муаллиф Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларига қилган сафари таассуротлари билан ўртоқлашган.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон шаҳарларида ҳозир ҳам Буюк ипак йўли муҳитини ҳис қилиш мумкин. У ердаги ҳайратланарли гумбазлар, тарихий бинолардаги нақшлар, гавжум бозорлар ва ноёб зираворлар саёҳатчиларда унутилмас таассуротлар қолдиради.

Муаллиф Самарқандни таърифлар экан, унинг маданий ва савдо маркази бўлгани, қадимда карвонлар ушбу масканга ипак, олтин, зиравор, қимматбаҳо тошлар ва гиламлар олиб келганлигини таъкидлаган.

Материалда Темурийлар даврига тегишли Амир Темур мақбараси архитектурасига алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур мажмуа феруза рангли мозаика ва нафис нақшлар билан безатилгани, деворлари эса ҳашаматли кўк ва олтин рангларда бўялгани урғуланган.

Шунингдек, мақолада XIV–XV асрларда қурилган Шоҳи Зинда мажмуаси ҳақида сўз борган.

"Регистон майдони Самарқанднинг асосий диққатга сазовор жойи ҳисобланади. Ажабланарлиси шундаки, бу ердаги биноларда ислом меъморчилигида камдан-кам учрайдиган ҳолат – ҳайвонлар ва одамлар тасвирлари билан безатилган", – деб ёзилган манбада.

Бундан ташқари, Тиллакори мадрасаси 2001 йилдан ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилгани таъкидланган.

Марго Вандам, шунингдек, Бухоро меъморчилигига тўхталар экан, Арк қалъаси ва Бухоронинг қадимий бозорлар Чингизхон ва Россия империяси босқинларидан кейин ҳам сақланиб қолганини урғулаган.

Мақола якунида Тошкентда жойлашган Чорсу бозорида ёнғоқ ва зираворлардан тортиб гўшт ва меваларгача бўлган турли хил маҳсулотларни топиш ва сотиб олиш мумкинлиги қайд этилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш